Воҳанинг бой ўтмишидан сўзловчи маскан
18 май – Халқаро музейлар куни
Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги Тарих ва маданият музейига 1933 йил асос солинган.
Музей мамлакатимиздаги энг кекса маданий-маърифий муассасалардан бири саналади. Бироқ, бир неча бор манзили кўчирилиб, Ҳаким ат-Термизий мажмуасидаги “Мерос” музейи биносида, Термиз шаҳридаги собиқ “Ҳарбий қалъа”да ва вилоят хўжалик судининг эски биносида фаолият юритди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2017 йил вилоят марказидаги Тадбиркорлар биноси музей балансига ўтказилиб, маданий-маърифий муассасасига мослаштириш учун йирик ҳажмдаги реконструкция ишлари амалга оширилди. Бунинг учун 19 миллиард 500 миллион сўм маблағ ажратилиб, унинг 15 миллиард сўми қурилиш-таъмирлаш ишларига, 4 миллиард 500 миллион сўми экспонатлар билан жиҳозлашга сарфланди. Уч қаватли муҳташам бинога 8 та замонавий инфокиоск ўрнатилиб, воҳанинг бой ўтмиши ва бугунини видеотасвирлар ёрдамида намойиш этиш йўлга қўйилди.
2019 йил 29 октябрда музейнинг 86 йиллиги муносабати билан янги биноси фойдаланишга топширилиб, мазкур маскан “Тарих ва маданият музейи” номи билан фаолият юрита бошлади.
[gallery-17465]
Музей экспозицияси беш бўлимдан иборат. Биринчи қаватда табиат, иккинчи қаватида археология, тарих, мустақиллик даври, тасвирий санъат ва Рўзи Чориев галереяси, учинчи қаватда этнография бўлими ва бир қисмида тасвирий санъат экспозицияси жойлашган. Ҳозирда музей фондида 16 йўналишда 62 минг 117 та экспонат мавжуд. Шундан ноёб ашёлар ва коллекциялар сони 1500 тани ташкил этади.
Шунингдек, музей негизида “Термиз” давлат музей-қўриқхонаси ташкил этилган бўлиб, унга Термиз туманидаги “Зурмала минораси”, “Эски Термиз” ёдгорлиги, Шеробод туманидаги “Зараутсой”, Жарқўрғон туманидаги “Жарқўрғон минораси”, Шўрчи туманидаги “Далварзинтепа” Музработ туманидаги “Окс Александрияси” (Кампиртепа) маданий мерос объектлари бириктирилган.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА