“Водийларни кезарман дилхуш”
Фотокўргазма
Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, таниқли журналист, фоторассом Назира Боймуродовани ҳеч муболағасиз ватанпарвар ижодкор, дейиш мумкин. У ўзининг ҳар бир ижодий асарида она ватанга бўлган чексиз меҳр-муҳаббатини, касбига бўлган вафо ва садоқатини акс эттириб туради.

Назира Боймуродова қарийб 26 йилдан буён фотосанъат билан шуғулланиб келади. У кўп қиррали, сермаҳсул ижодкор, 30дан ортиқ шахсий ва қўшма кўргазмалар муаллифидир. Ёш ижодкор бир жойда ўтириб эмас, балки ватанимизнинг турли сарҳадларини кезиб, унинг гўзалликларини, бетакрор табиатини, меҳнаткаш ва ҳунарманд инсонларнинг сиймоларини фотосуратларга муҳрлаб, уларни халқимиз эътиборига тақдим этишни яхши кўради. Шу сабабли тиним билмай ижод қилади.
Сўнгги йилларда унинг “Баркамол авлод орзуси”, “Гулдаста”, “Хуш келдинг, умримнинг баҳори”, “Она юртим – ота маконим”, “Дарёдан бир томчи”, “Болалигим сени соғиндим”, “Юрагимга яқин одамлар”, “Қалбимдаги гавҳарим, Ватан”, “Шу ватанга менинг ҳам керагим бор”, “Элда қадр топганлар”, “Ўзбекистон – бағрикенг диёр”, “Айланайин, шу бағрикенг диёримдан”, “Гул ва Наврўз” деб номланган кўплаб шахсий кўргазмалари бўлиб ўтган.

“Боғларингни бўйлайвераман, Ватан сени куйлайвераман”. Ушбу сатрлар муаллифнинг бош шиоридир. Назирахон юртимизда ҳукм сураётган баҳор фаслининг тароватидан илҳомланиб, гўзал ва бетакрор водий томон ижодий саёҳатга йўл олди.
Муаллиф Ўзбекистон Бадиий академияси, Бадиий ижодкорлар уюшмаси, Тошкент Фотосуратлар уйи ҳамда Бадиий ижодкорлар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими билан ҳамкорликда навбатдаги “Водийларни кезарман дилхуш” номли кўчма шахсий фотокўргазмасини ташкил қилди.

Экспозицияда 200га яқин фотоасарлар намойишга қўйилган бўлиб, ундаги мавзулар хилма-хиллиги, рангларнинг ёрқинлиги киши кўнглига баҳорий кайфият бағишлайди. Кўргазма барча ёшдаги инсонлар учун мўлжалланган бўлиб, асарлардаги содда ва беғубор болалик, юртимиздаги миллатлараро бағрикенгликни тараннум этувчи ёрқин лаҳзалар, аёл гўзаллиги ва латофати, ранг-баранг баҳорий гуллар, ҳамма-ҳаммаси томошабинни бирдек сеҳрлаб қўяди. Буни томошабинлар юзида акс этган ҳайрат ифодаларидан ҳам кўриш мумкин.
Кўргазмада вилоят маданият бошқармаси тасарруфидаги санъат мактаблари ўқувчилари, Фарғона давлат университети талаба-ўқитувчилари, миллий маданий марказлар фаоллари ҳамда Фарғона вилояти Риштон туманидан келган ижодкорлар фаол қатнашмоқда.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/jBEKPdvSZ2w?si=FDWYEuC260mmunfN" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов(видео, сурат),ЎзА