Водилда катта кураш мусобақаси ўтказилди
Фарғона туманининг Водил қишлоғида жойлашган “Чинор таги” истироҳат боғида миллий спортимиз кураш бўйича Ҳамид полвон, Темур ва Турсунали полвонлар хотирасига бағишланган Республика очиқ турнирида Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон давлатларининг 100 нафардан ортиқ спортчилари 7 та вазн тоифасида ғолиблик учун беллашди.
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган мусобақанинг тантанали очилиш маросимида иштирок этган Ўзбекистон кураш федерацияси, Фарғона вилоят ҳокимлиги, вилоят прокуратураси мутасаддилари анъанавий тарзда бир неча йилдан бери ташкил этиб келинаётган ушбу мусобақа миллий қадриятларимизнинг муҳим бўғини саналган кураш спорт турининг халқаро майдондаги ривожига ижобий таъсир кўрсатиши билан аҳамиятли эканлигини, ушбу турнирда иштирок этиш истагини билдирган спортчилар сафи кенгайиб бораётганини таъкидлади.

Умумий мукофот жамғармаси 11 минг АҚШ долларидан иборат турнирда эркаклар -66, 73, 81, +90 килограммда, аёллар -57, -70, +70 кило оғирликда беллашди.


Мусобақалар якунига кўра, ўз вазн тоифаларида Авазжон Ашуров (Сурхондарё), Зиёдулло Алижонов (Фарғона), Асадбек Чориев (Сурхондарё), Баҳром Саитов (Бухоро), Азизахон Тоҳиржонова (Наманган), Машҳура Ғаниева (Самарқанд), Покиза Камолиддинова (Фарғона) ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.
Т. Рўзиев, ЎзА