Витоша этагидаги тилларанг афсона – София шаҳридан фоторепортаж
Агар тарих ва замонавийлик бир нуқтада учрашиб, сокин оҳанг таратса, бу шубҳасиз Болгария пойтахти – София шаҳри бўлар эди. Бу ерда қадимийлик ва бугунги давр шу қадар гўзал уйғунлашганки, кўчаларни айланар экансиз, ўзингизни тирик музей ичида юргандек ҳис қиласиз.
Айниқса, Софиянинг ўзига хос “визит карточкаси” бўлган улуғвор Витоша тоғи эса нафақат шаҳарнинг иқлимини, балки унинг руҳиятини ҳам ўзида акс эттиради. Шаҳар марказидан туриб бир неча дақиқада табиатнинг бағрига, ям-яшил ўрмонлар ва тоза ҳаво оғушига шўнғиш мумкинлиги эса маҳаллий аҳолининг энг катта бахтидир.
[gallery-29776]
Пойтахт маркази бўйлаб чўзилган, Австро-Венгрия империяси давридан қолган машҳур “сариқ брусчаткалар” эса ёмғир ёққанда худди олтин суви юритилгандек ялтираб, саёҳатчиларга ажиб бир байрамона кайфият улашади. Кўчаларда виқор билан ҳаракатланадиган классик трамвайлар, шинам Европача кафелар, асрий дарахтлар соясидаги хиёбонлар ва кўча созандаларининг юракка яқин куйлари шаҳарга бетакрор романтика бахш этади.
Европанинг энг қадимги кентларидан бири бўлган Софиянинг шиори бежизга “Улғаяди, лекин қаримайди” деб номланмаган. Муболағасиз айтганда, София – шошқалоқликни ёқтирмайдиган, ҳар бир лаҳзадан завқ олишни ва гўзалликни ҳис қилишни биладиган қалблар шаҳридир. Бу тилларанг афсона ўз бағрига чорлаган мусофирга тарих ва сокинликнинг энг гўзал қўшиғини куйлаб беришдан чарчамайди.
Ўткир Алимов, ЎзА
София, Болгария