Вазир янги объектлар билан танишди
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида бўлди.
Бу ерда дастлаб вазир фойдаланишга топшириш арафасида турган 500 ўринли талабалар турар жойини кўздан кечирди. Шундан сўнг, университет ҳудудида янгидан қурилаётган 1 минг 800 ўринга мўлжалланган замонавий ўқув-лаборатория мажмуаси ва ахборот-ресурс маркази биносининг қурилиш жараёни билан танишди.

Университет ректори Б.Жоллибеков ушбу объектларда олиб борилаётган қурилиш ишлари, уларнинг бугунги ҳолати ва лойиҳаларни белгиланган муддатларда фойдаланишга топшириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Танишув давомида қурилиш ишлари сифати, замонавий таълим инфратузилмасини яратиш, биноларни зарур ускуналар билан таъминлаш ва объектларни ўз вақтида фойдаланишга топшириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ушбу лойиҳалар университетнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, талабаларга замонавий таълим ва яшаш шароитларини яратиш ҳамда илмий-тадқиқот ишларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири