Вазир ўринбосари тиббиёт муассасалари фаолиятини ўрганди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Давлатобод туманидаги 1-шаҳар шифохонасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат масалалари бўйича ўринбосари Жалолиддин Асамутдинов иштирокида фуқаролар қабули ҳамда тиббий кўрик ташкил этилди.
Дастлаб меҳмонлар тиббиёт муассасасида яратилган шарт-шароитлар, беморларни қабул қилиш, ташхис қўйиш ва даволаш жараёнлари билан танишди. Вазир ўринбосари шифохонани замонавий тиббий-диагностик ускуналар билан жиҳозлаш, аҳолига сифатли ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш бўйича зарур тавсиялар берди.
[gallery-30033]
Қабул давомида фуқаролар томонидан тиббий хизмат сифати, даволаниш жараёнлари, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам олиш, дори-дармон таъминоти ва бошқа масалалар юзасидан мурожаатлар билдирилди. Ҳар бир мурожаат масъуллар иштирокида атрофлича кўриб чиқилиб, уларни ҳал этиш бўйича амалий чора-тадбирлар белгиланди.
— Бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан аҳоли мурожаатлари билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, - деди Ж. Асамутдинов. — Шу боис Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти жойларда бўлиб, фуқаролар билан бевосита мулоқот ўтказмоқда. Бундай қабуллар орқали одамларни қийнаётган муаммолар ўрганилиб, уларнинг аксариятини жойида ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Мақсадимиз ҳар бир мурожаат ортида турган инсон тақдирига масъулият билан ёндашиш ва фуқароларнинг тиббиёт тизимига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашдан иборат.
Қабулда иштирок этган фуқаролардан бири Носиржон Ғозиев бир неча йилдан буён орттирилган юрак нуқсони ташхиси билан даволаниб келаётганини маълум қилди. Унинг мурожаати мутасаддилар иштирокида шу ернинг ўзида кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилди.
— Бугунги қабулда саломатлигим яна бир бор кўрикдан ўтказилди ва масалага зудлик билан эътибор қаратилди, - деди Носиржон Ғозиев. — Мутахассислар томонидан зарур йўлланмалар расмийлаштирилиб, яқин кунларда юрагимда мураккаб жарроҳлик амалиёти бепул ўтказилиши маълум қилинди. Бунинг учун қабулни ташкил этган мутасаддилардан миннатдорман.
Қабул якунларига кўра, қатор мурожаатлар жойида ҳал этилди. Қўшимча ўрганиш талаб этиладиган масалалар юзасидан эса масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Шундан сўнг вазир ўринбосари вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида ташкил этилган ситуацион марказ фаолияти билан ҳам танишди.
Бундай қабуллар аҳолининг дарду ташвишларини эшитиш, муаммоларга тезкор ечим топиш ҳамда халқ билан давлат идоралари ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА