Вазир ўринбосари Хоразмда тезкор отряд фаолиятини ўрганди
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Баҳодир Мирзараҳимов Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди шахсий таркибининг хизмат фаолияти ҳамда улар учун яратилган шарт-шароитларни ўрганди.
Ташриф давомида отряд ходимларининг хизматни ташкил этиш ҳолати, жанговар шайлиги, интизоми ва зиммаларига юклатилган вазифаларни бажариш самарадорлиги кўздан кечирилди. Шунингдек, шахсий таркиб учун яратилган маиший ва хизмат шароитлари, техник жиҳозланиш даражаси ҳамда моддий-техник таъминот масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

– Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишда сафарбар отряд ходимларининг масъулияти ва фидойилиги муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, уларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур имкониятларни кенгайтириш доимий эътибор марказида бўлиб қолади, – дея таъкидлади Баҳодир Мирзараҳимов.


Ўрганишлар жараёнида ходимлар билан мулоқот қилиниб, уларнинг таклиф ва мурожаатлари тингланди. Хизмат самарадорлигини янада ошириш, шахсий таркибнинг жанговар ва жисмоний тайёргарлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, хизмат ўташ учун муносиб шарт-шароитларни янада яхшилаш юзасидан масъул раҳбарларга тегишли топшириқлар берилди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири