Вазир: ислоҳотлар натижаси, аввало, одамларнинг тиббиётдан розилигида намоён бўлади
Хабарингиз бор, айни кунларда давлатимиз раҳбари амалий ташриф билан Туркманистонда бўлиб турибди.
Ташриф доирасида Марказий Осиё ва МДҲ давлатларининг тегишли вазирлик ва идоралари раҳбарлари иштирокида анжуман ва икки томонлама музокаралар ўтказилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон делегацияси таркибида ташриф буюрган Соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида бўлиб ўтган “Тиббий хизматлар билан барчани қамраб олиш ва барқарор ривожланиш соҳасидаги мақсадлар” иккинчи халқаро конференциясида иштирок этди.

Тадбирда Ҳамдўстлик мамлакатлари парламент ва вазирликлари, ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси, МДҲ Ижроия қўмитаси, Халқаро Қизил Хоч қўмитаси ҳамда илмий ва тиббиёт муассасалари вакиллари ҳам қатнашди.
Анжуман давомида соғлиқни сақлаш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, тиббиётни молиялаштириш, юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш, дори воситалари хавфсизлигини таъминлаш каби қатор долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Вазир юртимизда бирламчи тиббий-санитария ёрдами, касалликлар профилактикаси, соҳани рақамлаштириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилган ислоҳотлар тўғрисида йиғилганларга батафсил маълумот берди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистонда ўртача умр кўриш давомийлиги 73 ёшдан 75,4 ёшгача ошиб, 2030 йилга келиб бу кўрсаткични 78 ёшга етказиш мақсад қилинган. Шунингдек, 38 миллион нафардан ортиқ аҳоли ва 4 мингдан зиёд тиббиёт муассасасини қамраб олган ягона рақамли соғлиқни сақлаш тизими жорий этилди.
– Ислоҳотлар натижаси, аввало, одамларнинг тиббиётдан розилигида намоён бўлади. Бунинг учун Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда тиббиёт тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш бўйича кенг кўламли чоралар кўрилмоқда, – деди Э.Адилов.
Вазир соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликнинг истиқболдаги устувор йўналишларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА