Ватанга хизмат – энг олий шараф
Тошкент туманида “Ватанга қасамёд” тадбири бўлиб ўтди. Унда ДХХ чегара қўшинлари раҳбарияти, фахрийлари, Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент тумани кенгаши, Маънавият-маърифат маркази Тошкент тумани бўлими вакиллари, муддатли ҳарбий хизматга келган аскарлар, уларнинг оила аъзолари ва жамоатчилик фаоллари иштирок этди.
Тадбирда масъуллар, ота-оналар юрт осойишталиги йўлида хизмат қилишга бел боғлаган ўғлонларга ўзларининг самимий тилакларини билдирди. Хусусан, Наманган вилоятидан чақирилган оддий аскар Отабек Усмоновнинг онаси Замира Холтўраева бир ярим ой давомида ўзининг фарзандидаги ўзгаришлар, шижоат ва ҳарбий интизомини кўриб хурсандлигини яширмади.
[gallery-17109]
Шундан сўнг жорий йил чақирувидаги муддатли ҳарбий хизматчилар Ватанга қасамёд қилди. Тадбир жараёнида роппа-роса бир йил олдин шу оддий аскарлар сингари муддатли ҳарбий хизматни намунали ва интизомли ўтаган бир гуруҳ аскарларга Президентимизнинг тегишли қарорига асосан мамлакатимиздаги олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш бўйича имтиёзли тавсияномалар топширилди.
Шунингдек, хизмат бурчига ва мажбуриятларига сидқидилдан ёндашгани, “Чақирув – 2024” аскарларини тарбиялашда ижобий натижаларга эришгани учун бир қатор устоз офицер ва сержантлар таркиби юқори қўмондонлик томонидан тақдирланди. Асосий тадбирдан сўнг ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари, концерт дастурлари намойиш этилди.
А.Мусаев, Д.Эрназаров, ЎзА мухбирлари