Ватанга содиқ мард, жасур аждодлар хотираси мангу яшайди
9 май – Хотира ва қадрлаш куни
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Сурхондарё вилояти туманларида давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳарбийлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, нуронийлар ва ёшлар Мотамсаро она монументи пойига гулчамбарлар қўйиб, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган аждодларимизнинг порлоқ хотирасини ёд этди.


Ангор туманида бўлиб ўтган тадбирда туман ҳокими Қосим Мардонов Иккинчи жаҳон уруши йилларида ангорлик мард, жасур ўғлонлар ҳам тинч-осойишта ҳаёт учун жанг майдонларида жасорат кўрсатиб, жон фидо қилганини алоҳида таъкидлади. Омон қайтган йигитлар урушдан кейинги тикланиш йилларида меҳнат фронти қатнашчилари билан турли соҳаларда фидокорона ишлаганини қайд этди. Ҳозир ҳам ўзларининг қимматли маслаҳатлари билан Янги Ўзбекистон ёшларини Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида улғайтиришга ҳисса қўшаётган фронт орти меҳнат фахрийларига соғлик-саломатлик тилаб, чуқур миннатдорлик билдирди.


Тадбир иштирокчилари туман марказидаги Мотамсаро она монументи пойига гулчамбарлар қўйиб, бугунги тинч-тотув, тўкин ва фаровон турмушимиз учун жон фидо қилган аждодлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Маълумотларга кўра, Иккинчи жаҳон уруши йиллари 53 минг 360 дан ортиқ сурхондарёлик фронтга жўнатилган. Уларнинг 11 минг нафари жангу жадалларда жасорат намуналарини кўрсатиб, мардларча ҳалок бўлган. Айни пайтда вилоятда бир нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ва 500 дан ортиқ фронт орти меҳнат фахрийси тинч-тўкин истиқомат қилмоқда.

Вилоятда байрамолди хотирлаш тадбирлари давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири