Ватан ва миллатга садоқат тимсоли
Шарифа Салимова Ватанга муҳаббат, миллий ғурур ва ифтихор, вафо ва садоқат, матонат ва жасорат каби эзгу фазилатларни тараннум этган, жамиятимиз ҳаётидаги долзарб маънавий-маърифий масалалар, оила ва ёшлар тарбиясига бағишланган кўплаб асарлари ҳамда ижтимоий фаолияти билан эл-юртимиз ўртасида муносиб обрў қозонган ижодкор эди.
Устоз шоира 50 йилдан зиёд умрини ўзбек адабиёти ва маданияти равнақига бағишлади. У ўтган асрнинг 70-йилларида ўзига хос бетакрор овози, самимий ва нафис шеърлари билан адабиётга кириб келди. Аёл қалбининг гўзаллиги ёрқин бадиий образлар ва поэтик тасвирлар орқали теран ифода этилган, ўткир ижтимоий муаммолар таҳлил қилинган «Ҳаёт завқи», «Менинг баҳорим» каби дастлабки шеърий тўпламлари адабий жамоатчилик ва китобхонлар томонидан илиқ кутиб олинди.
Шоиранинг «Хизр булоғи», «Етти оққуш», «Гиёҳлар билан тиллашган инсон», «Аёлга эҳтиром», «Тонгга қасам», «Дийдор саодати», «Олимлик ва одамийлик», «Ватан суврати», «Вафонинг иффат йўли», «Бедор тун томчилари» каби шеърий ва публицистик асарлари миллий адабиётимиз ривожига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.
Айни вақтда у машҳур хонанда ва созандалар билан ҳамкорликда ўнлаб таъсирчан қўшиқлар яратди. «Қаддингни тик тут, аёл!», «Ватан», «Она нидоси», «Давлатли султоним менинг», «Дунё», «Онажон тилим», «Сендан бир дам айро тушмаймиз, Ватан!» каби қўшиқлар санъатимиз хазинасидан муносиб ўрин олди ва мухлислар қалбидан чуқур жой эгаллади.
Шарифа Салимова ижодида тарихий мавзу алоҳида ўрин тутади. Айниқса, янги Ўзбекистон даврида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида тарихимизнинг илгари ёпиқ бўлган саҳифаларини ўрганиш имкониятларининг кенгайиши ижодкорга янги илҳом бағишлади.
Бу матонатли инсон кейинги йилларда оғир хасталикни бошидан кечирганига қарамасдан, ижодий фаолиятини тўхтатмади. У 2024 йилда ўтган асрнинг 20-йилларида таҳликали шароитда Германияга бориб таҳсил олган ва кейинчалик мустабид тузум томонидан қатағон қилинган ўзбек аёллари тақдирига бағишланган «Қабоҳат салтанати ёхуд қор қўйнида лолалар» номли эпик шеърий романини яратди. Ўзбек адабиётида мазкур мавзуга бағишланган илк йирик манзума ҳисобланган ушбу асар нафақат шоира ижодида, балки миллий адабиётимизда ватанпарварлик руҳини юксак бадиий савияда ифода этган асар сифатида эътироф этилди.
Ижодкор мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида ҳам фаол иштирок этди. У 1999–2009 йилларда Олий Мажлис депутати, Оила ва аёллар муаммолари комиссияси раиси сифатида самарали меҳнат қилди. Шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг фаол аъзоси сифатида ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, янги асарларни тарғиб этиш, жойларда ўтказилган адабий-маърифий учрашувларда, хусусан, Зомин ва Дўрмон ёшлар семинарлари доирасидаги тадбирларда доимо фаол қатнашди.
Шарифа Салимованинг мамлакатимизда адабиёт ва маданиятни ривожлантириш йўлидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб эътироф этилди. У «Ўзбекистон халқ шоири», «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» фахрий унвонлари ҳамда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган эди.
Ҳассос шоира, таниқли жамоат арбоби, ёшларнинг меҳрибон устози, камтарин ва самимий инсон Шарифа Салимованинг ёрқин хотираси халқимиз қалбида ҳамиша сақланиб қолади.
ЎзА