Ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлган ҳарбийларнинг оила аъзолари ижтимоий ҳимояси кучайтирилади
Конституцияга кўра, ҳар бир фуқаро қариганда, меҳнат қилиш қобилиятини йўқотганда, ишсиз қолганда ёки оиласининг асосий боқувчисидан маҳрум бўлганда давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватланиш ҳуқуқига эга.
Мазкур конституциявий кафолатлар ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига ҳам тўлиқ татбиқ этилади.
“Ҳарбий хизматчи (ходим)ларнинг ва улар оила аъзоларининг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонун шу нуқтаи назардан ишлаб чиқилган.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида шу ҳақда гап борди.
Қонун билан хизмат йиллари учун пенсия, ногиронлик пенсияси, боқувчисини йўқотганлик пенсияси, шунингдек пенсияларни ҳисоблаш, тайинлаш, қайта ҳисоблаш ва тўлаш тартиблари аниқ белгилаб берилмоқда.
Шу билан бирга, Ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатлари янада мустаҳкамланмоқда.

Қўмита мажлисида “Ёнғин хавфсизлиги тизими такомиллаштирилаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам муҳокама қилинди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини ошириш, ёнғин хавфсизлиги соҳасида давлат назоратини такомиллаштириш ҳамда аҳоли ҳаёти ва соғлиғи, жисмоний ва юридик шахслар мол-мулкини ишончли муҳофаза қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, ёнғинлар билан боғлиқ оғир оқибатли ҳодисалар ҳамон кузатилмоқда. Хусусан, 2025 йилда республика бўйича 11 минг 241 ёнғин ҳолати қайд этилган бўлиб, улар оқибатида 129 нафар фуқаро турли даражада жароҳат олган ва 82 нафар фуқаро ҳаётдан кўз юмган.

Қонун инсон ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, мол-мулк дахлсизлигини таъминлаш, ёнғинларнинг олдини олиш бўйича замонавий ва таъсирчан механизмларни жорий этиш, шунингдек соҳада барча субъектларнинг масъулиятини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Янги таҳрирдаги “Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг ва потенциал хавфли объектларнинг саноат хавфсизлиги тўғрисида”ги қонуннинг муҳим жиҳати шундаки, унда хавфли ишлаб чиқариш объектлари билан бир қаторда потенциал хавфли объектлар ҳам ҳуқуқий тартибга солиш доирасига киритилмоқда. Жумладан, лифтлар, эскалаторлар, атракционлар, юк кўтариш механизмлари, хавфли юк ташиш сиғимлари ҳамда шамол электр станциялари каби объектлар илк бор қонун даражасида қамраб олинмоқда.
Муҳокамалар давомида ҳар қандай авария ортида инсон тақдири тургани, бундай ҳодисалар инсон ҳаёти ва соғлиғига, атроф-муҳитга ҳамда иқтисодиётга жиддий зарар етказиши мумкинлиги алоҳида таъкидланди.
Муҳокама қилинган қонунлар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА