Вакцина олмасангиз, бошқаларни чалғитманг
Ижтимоий тармоқларда вакцинация жараёни билан боғлиқ салбий хабарларга кўзимиз тушиб турибди.
Бундай хабарлар кўпроқ одамларни ваҳимага солиб, шу орқали ўзининг хайпчиларини кўпайтириш ниятида бўлганлар томонидан тарқалмоқда. Кимдир бу каби шов-шувларга ишониб, вакцина олишдан воз кечса, кимдир бундай-сўзларга мутлақо эътибор бергани йўқ.
ЎзА мухбири пойтахтимиздаги марказий кўп тармоқли поликлиникаларда бўлиб, аҳоли ўртасида эмлаш жараёнлари қандай кетаётгани билан қизиқди.
Кузатув Бектемир туманидаги марказий кўп тармоқли поликлиникасидан бошланди. Тиббиёт муассасасининг умумий амалиёт шифокори хонаси ёнида турган аёлни суҳбатга тортдик.
— Ҳозиргина вакцина олиб чиқдим, — дейди ўзини Надежда Борисова, деб таништирган аёл. — Мени ҳеч ким вакцина олишга мажбурлагани йўқ, ўз хоҳишим билан келдим. Ўтган йили вирусга қарши профилактик кураш олиб борилмади. Чунки вакцина йўқ эди. Бу йил вакциналар ҳам бепул, ҳам юртимизга ортиғи билан олиб келиняпти. Бизнинг соғлиғимиз ҳақида қайғураётгани яхшику. Боядан бери кузатиб ўтирибман. Қаранг, шифокору ҳамшираларда бир дақиқа ҳам тиним йўқ. Ҳаттоки бозорлар, дўконларга бориб, одамларни эмлаб келишяпти. Эртага турмуш ўртоғим Максим ҳам келиб, вакцина олади.
Ўзини Малика Омонова, деб таништирган аёлнинг ёши 47 да бўлиб, уч нафар фарзанди бор экан. Малика опанинг айтишича, барча оила аъзолари вакцина олган. Ҳеч қандай ножўя таъсирларини сезмаган.
Мирзо Улуғбек туманидаги марказий кўп тармоқли поликлиниканинг эмлаш хонасида ишловчи ҳамшира Назокат Яхшиева кунига камида 40-50 нафар одамни эмлаётгани, баъзи кунлари эмланганлар сони 200 нафарга ҳам етаётганини таъкидлаб ўтди.
— Вакцина олишга келган одам энг аввало, умумий амалиёт шифокори кўригига кириб, соғлиғини текширтириб чиқади, — дейди биз билан суҳбатда Назокат Яхшиева. — Шифокор рухсат берганидан сўнг эмлаш хонасига киради. Уларга вакцина солинган ампулани ва қанча дозадан қилинишини кўрсатиб, барча тиббий асбоп-ускуналарни кўз олдиларида очиб, сўнг вакцинани юборамиз. Ёшидан қатъий назар ҳар бир одамга 0,5 дозадан ZF-UZ-VAC2001 вакцинасини қиляпмиз. Биринчи вакцина олинганидан 30 кундан кейин иккинчиси олинади. Ва яна шунча кун ўтгач, охирги эмлаш жараёни олиб борилади. Ҳозирча одамлардан вакцина билан боғлиқ ҳеч қандай шикоят эшитмадик.
Сергели туманидаги 61-сонли оилавий поликлиникада ишловчи шифокор ҳамда ҳамшираларнинг айримлари тумандаги автомобиль ҳамда деҳқон бозорига сотувчиларни эмлаш учун кетишганига гувоҳ бўлдик. Вакциналар бозорлар худудида қандай сақланади, дея берган саволимизга бош ҳамшира Феруза Эркабоева қуйидагича жавоб берди:
— Бозорларда эмлаш жараёнини ўтказиш учун алоҳида хона ажратилган, — дейди Ф.Эркабоева. — Музлатгич, тез ёрдам дори-дармонлари билан таъминланган. Туман санитария эпидемиология маркази томонидан термос-сумкалар берилган. Бу сумка совутиш занжирини бир хилда сақлаб туради. Биз вакциналарнинг керакли дозасини термос сумкага солиб, бозорга олиб борамиз, у ерда музлаткичга солиб қўйилади. Ҳозир аҳолининг кундан-кунга вакцинага талаби ортиб боряпти. Тўғри, вакцинани ўзи олмасада бошқаларни чалғитадиганлар ҳам йўқ эмас. Агар кимдир вакцина олишни истамаса, бошқаларга халақит берманг, чалғитманг, дегим келади.
Касаллик ортгани сайин одамлар вакцинанинг фойдасини тушуниб етмоқда. Бу касалликка ҳаммамиз бирдек оммавий эмлансаккина уни енгишимиз мумкин. Ўтган йили ўзим COVIDга чалиниб, жуда оғир ўтказдим. Уч ой деганда соғайиб, ишга чиқдим. Ҳаттоки уйдагилар мени аҳволимни кўриб, “Ўлиб қолади”, деб тайёргарлик ҳам кўриб қўйишганди. Бугун одамларни вирусга чалинмаслиги учун астойдил ҳаракат қиляпман. Ўзим сурункали бронхит билан рўйхатда тураман. Аслида менга вакцина олиш унчалик шарт эмас. Аммо ўтган йилги холатимни эслаб, бу йил биринчилардан бўлиб эмландим. Иккита ўғлим ҳам эмланди. Тўғри, вакцина организмимга мослашиши учун бироз қийналдим. Чунки юқорида айтиб ўтганимдек, бронх йўлларимда кучли яллиғланиш ўз таъсирини кўрсатди. Аммо соғлом ҳамкасбларимда бу жуда яхши ўтди, ҳеч нарсани сезишмади. Баъзи одамлар вакцина инсон организмига ёмон таъсир қилади, деб ваҳимага берилмоқда. Албатта, инсон организмига тушган ҳар қандай ёт нарсалар унга жойлашиб олгунича безовта қилади-да. Оддий бош оғриғини тўхтатадиган дори қабул қилсак ҳам кўнглимиз беҳузур бўлиб, ошқозонимиз безовта бўладику. Буни табиий қабул қилишимиз керак.
Ҳамшира таъкидлаганидек, коронавирус ҳақиқатан ҳам барчамиз учун синов бўлди. Ўтган вақт мобайнида бу офат қанча одамларнинг ёстиғини қуритди. Ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган ёшгина йигит-қизлар ҳаётига ҳам чанг солди. Орамиздан юртнинг кўзга кўринган санъаткору олимлари, зиёлиларни ҳам олиб кетди. Энди вакцина бўла туриб, вирусга таслим бўлишга ҳаққимиз йўқ.
Нигора Раҳмонова, ЎзА