"UZSOE Intelligence Platform" давлат корхоналари бошқарувини қандай такомиллаштиради?
Бугун Иқтисодиёт ва молия вазирлигида давлат иштирокидаги корхоналар ҳамда тегишли ташкилотлар вакиллари иштирокида "UZSOE Intelligence Platform" электрон платформаси тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Обидхўжаев, Буюк Британиянинг Оксфорд университети қошидаги "Algorithmic Governance Foundation" ташкилоти директори Жессика Репсон ва бошқалар сўзга чиқиб, мазкур электрон платформа давлат иштирокидаги корхоналар фаолияти самарадорлигини ошириш, уларни бошқариш жараёнларини такомиллаштириш ва мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланишга хизмат қилишини таъкидлади.
Корхоналарнинг молиявий ҳолати, ишлаб чиқариш натижалари ва меҳнат унумдорлигини мунтазам баҳолаб бориш, мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда таҳлилларга асосланган бошқарув қарорларини қабул қилиш муҳим аҳамиятга эга. Янги платформа эса ушбу жараёнларни ягона рақамли тизимда жамлаш имконини беради.
– "UZSOE Intelligence Platform" Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда "Algorithmic Governance Foundation" ташкилоти ўртасидаги ҳамкорлик доирасида ишлаб чиқилган. Лойиҳа хорижий ташкилотнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилди. У давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятини комплекс таҳлил қилиш, молиявий ва ишлаб чиқариш кўрсаткичларини баҳолаш, шунингдек, бошқарувдаги мавжуд муаммоларни аниқлаш имконини беради.
Сунъий интеллект технологияларига асосланган тизим турли манбалардаги маълумотларни ягона электрон муҳитда жамлаб, уларни ўзаро таққослаш ва таҳлил қилишга мўлжалланган. Бунинг натижасида корхоналар фаолиятидаги ўзгаришларни кузатиш, самарадорликни ошириш имкониятларини аниқлаш ва ресурслардан фойдаланишни яхшилаш бўйича таҳлилий тавсиялар ишлаб чиқиш мумкин, – дея таъкидлади У. Обидхўжаев.
Платформанинг аҳамияти шундаки, у давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятини баҳолашда ягона ёндашувни шакллантириш, уларнинг иқтисодий ҳолати ва иш натижаларини тизимли кузатиб бориш имконини беради. Бу эса корхоналардаги муаммолар ва молиявий хатарларни барвақт аниқлаш, давлат активларидан фойдаланиш самарадорлигини баҳолаш ҳамда бошқарув қарорларини аниқ маълумотлар асосида қабул қилишга хизмат қилади.
Жессика Репсоннинг таъкидлашича, платформани хусусий сектор эҳтиёжларига ҳам мослаштириш мумкин. Бунинг учун муайян корхона ёки тармоқ фаолиятини чуқур таҳлил қилишга имкон берадиган қўшимча маълумотлар билан ишлаш зарур.
– Биз ушбу воситани иқтисодиёт ва молия соҳасида қўлланиладиган ёндашувлар асосида ишлаб чиқдик. Чунки тавсиялар беришга мўлжалланган тизимни яратишда соҳанинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиш муҳим. Шу билан бирга, платформани катта қўшимча харажатларсиз хусусий сектор эҳтиёжларига ҳам мослаштириш мумкин. Ҳозирги платформа давлат иштирокидаги корхоналарни ўзаро таққослаш ва улар фаолияти бўйича умумий таҳлилий манзарани шакллантириш имконини беради. Бу вазирлик даражасида тавсиялар ишлаб чиқиш учун самарали. Бироқ, муайян корхона ёки тармоқ фаолиятини чуқур таҳлил қилиш ва аниқ қарорлар қабул қилиш учун қўшимча ички маълумотлар талаб этилади.
Хусусий сектор учун яна бир режамиз давлат иштирокидаги корхоналар ва хусусий компаниялар ўртасидаги таққослаш имкониятларини кенгайтиришдир. Шунингдек, сунъий интеллект асосидаги таҳлилий ёрдамчи воситаларни ривожлантириш, катта ҳажмдаги маълумотларни умумлаштириш ва тавсиялар тайёрлаш, муайян тармоқлар хусусиятларига мослаштирилган ихтисослашган воситаларни ишлаб чиқишни кўзлаяпмиз, – деди Жессика Репсон.
Тақдимот давомида иштирокчилар платформанинг функционал имкониятлари, маълумотларни шакллантириш ва янгилаш механизмлари, корхоналар фаолиятини баҳолаш ҳамда сунъий интеллект ёрдамида таҳлилий хулосалар ва тавсиялар тайёрлаш жараёнлари билан танишди. Тизимнинг ишлаш тартиби амалий мисоллар орқали намойиш этилди.
Шунингдек, платформани амалиётга жорий этиш ва ундан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди. Бунда корхоналар тақдим этадиган маълумотларнинг тўлиқлиги, аниқлиги ва ўз вақтида янгиланиши тизим таҳлиллари ишончлилигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА