Ўзбекистон – БМТ: тинчлик ва ҳамкорлик
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 193 мамлакатни бирлаштирган энг йирик халқаро муассасадир. Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан олти ой ўтиб – 1992 йил 2 март куни ушбу нуфузли ташкилотга аъзо бўлди. БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида давлатимиз байроғи мағрур ҳилпираб турибди.
Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир. Унинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланади.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 17-моддасидан.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 193 мамлакатни бирлаштирган энг йирик халқаро муассасадир. Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан олти ой ўтиб – 1992 йил 2 март куни ушбу нуфузли ташкилотга аъзо бўлди. БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида давлатимиз байроғи мағрур ҳилпираб турибди.
Ўзбекистон ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳамкорлиги кенг қамровли. Президентимиз Ислом Каримовнинг минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, экологик муаммоларни бартараф этиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, илм-фан ва санъатни ривожлантириш борасидаги ташаббуслари ҳаётда ўз ифодасини топмоқда.
БМТ фаолиятининг энг муҳим йўналиши дунёда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, тинчликка таҳдидларнинг олдини олишдир. Давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган тинчликпарвар сиёсат бу эзгу интилишларга таянч бўлмоқда, куч-қувват бағишламоқда. Президентимиз ташаббуси билан Марказий Осиёнинг ядро қуролидан холи ҳудудга айлантирилиши тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш ишига катта ҳисса бўлиб қўшилди. Президент Ислом Каримов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг 1999 йилги Истанбул саммитида БМТ ҳузурида терроризмга қарши курашиш бўйича халқаро марказ ташкил этиш ғоясини илгари сурди. 2001 йил 28 сентябрда БМТ Хавфсизлик кенгаши доирасида терроризмга қарши кураш қўмитасининг ташкил этилиши бу ғоянинг амалдаги натижаси бўлди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун мамлакатимиз тинчликсевар сиёсатининг яна бир ёрқин ифодасидир. Мазкур концепцияда Ўзбекистоннинг ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмаслиги, ўз ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектлари жойлаштирилишига йўл қўймаслиги, давлатлараро алоқалар ва ҳамкорликни фақат икки томонлама асосда ташкил этиши баён қилинган.
Мамлакатимизда БМТнинг қатор таркибий тузилмалари – Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Болалар жамғармаси, Аҳолишунослик жамғармаси, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти, Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси, Тараққиёт дастури, ОИВ/ОИТС бўйича бирлашган дастури ваколатхоналари фаолият кўрсатаётир.
Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО билан ҳамкорлиги алоҳида эътиборга молик. Юртимиздаги кўплаб тарихий-маданий объектлар ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган. Президентимиз томонидан асос солинган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали маданият ва санъатни ривожлантириш, миллатлараро дўстликни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йил 15-16 май кунлари Самарқанд шаҳрида “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусида халқаро конференция ўтказилди. Унда иштирок этган ЮНЕСКО Бош директорининг ўринбосари Хуберт Гизен ЮНЕСКО учун катта аҳамиятга эга бўлган ушбу муҳим тадбирни ташкил этгани ҳамда таълим-тарбия, илм-фан, маданият, коммуникация ва ахборот соҳаларини ривожлантиришга қаратаётган эътибори учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.
Шу йилнинг 6 июнь куни пойтахтимизда “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган мазкур халқаро форумда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш фонди, Жаҳон банки каби нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари, қирқдан ортиқ мамлакатдан етакчи эксперт ва ишбилармонлар иштирок этди.
Анжуманда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бош директори Жозе Грациану да Силва нутқ сўзлади. Конференция арафасида Тошкентда ушбу халқаро ташкилотнинг ваколатхонаси очилди. Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш, соҳа ходимларининг малакасини ошириш, жаҳоннинг илғор тажрибаларини жорий этишга ихтисослашган мазкур ваколатхона Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлигини янада кенгайтирди.
Мамлакатимизда халқаро туризм изчил ривожланмоқда. Бунда БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО) билан ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон ушбу ташкилотга 1993 йилда аъзо бўлган. Самарқандда ЮНВТОнинг Буюк ипак йўлида сайёҳликни ривожлантириш бўйича минтақавий маркази фаолият юритмоқда.
Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгаши 99-сессиясининг Самарқанд шаҳрида ўтказилиши Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлигининг яна бир ифодаси бўлди. Президентимиз ушбу сессияда нутқ сўзлади. БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош котиби Талеб Рифаи мамлакатимизнинг туризм салоҳиятига, Президент Ислом Каримов раҳбарлигида соҳани янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга юксак баҳо берди.
Мазкур халқаро анжуман жаҳон жамоатчилигини мамлакатимизнинг сайёҳлик борасидаги улкан имкониятлари билан таништириш, хорижнинг туризм компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтириш, чет эллик мутахассислар билан фикр ва тажриба алмашишда муҳим босқич бўлди.
2010 йил апрель ойида мамлакатимизга ташриф буюрган БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Оролбўйида бўлиб, у ердаги экологик бўҳрон оқибатлари билан бевосита танишган эди. Ушбу ташриф якунлари бўйича тайёрланган Орол денгизи инқирози оқибатида зарар кўрган аҳолининг муҳим ҳаётий эҳтиёжларини таъминлаш бўйича қўшма дастурни амалга ошириш ўзаро ҳамкорликнинг яна бир устувор соҳасига айланди.
Мамлакатимизда Амударё ва Сирдарё сувидан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалигига тежамкор технологияларни жорий этиш, Оролбўйини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик қилаётган Ўзбекистон томонидан таклиф этилган “Орол денгизи қуришининг оқибатларини бартараф этиш ва Оролбўйида экотизимлар ҳалокатининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастури” БМТ Бош ассамблеясининг 68-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди.
Октябрь ойи охирида Урганч шаҳрида бўлиб ўтадиган “Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш” мавзусидаги халқаро конференция Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қўллаб-қувватлангани ҳам Ўзбекистон ва БМТнинг интилишлари муштарак, саъй-ҳаракатлари ҳамоҳанг эканидан далолат беради.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ўзбекистон билан муносабатларга алоҳида эътибор қаратаётгани бежиз эмас. Чунки Ўзбекистон тинчлик тарафдори, ҳамкорлик ташаббускоридир. Бундай эзгу сиёсат барчага манфаат келтиради, умумий тараққиётга хизмат қилади.