“Uzbekistan Airways” раҳбарияти Наманганда очиқ мулоқот ўтказди
"Uzbekistan Airways" акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг тижорат ва туризм масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Ёдгоров ҳамда компаниянинг бошқа тегишли мутасадди ходимлари халқ билан мулоқот мунтазамлигини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини тинглаш мақсадида Наманганда сайёр қабул ўтказди.
Давлатобод туманидаги “Atour” меҳмонхонасида ташкил этилган тадбир авиакомпаниянинг жамоатчилик ва бозорнинг профессионал иштирокчилари билан тўғридан-тўғри мулоқоти учун муҳим майдонга айланди. Учрашувда вилоят транспорт бошқармаси, вилоят туризм бошқармаси, сайёҳлик компаниялари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда наманганлик фаол ёшлар иштирок этди.
Даставвал, "Uzbekistan Airways"нинг Наманган халқаро аэропортидан амалга ошираётган қатновлари ҳақида батафсил маълумот берилди. 2026 йил август ойи ҳолатига кўра, водий ҳаво дарвозаси орқали Россия Федерацияси шаҳарлари ҳамда Ҳиндистонга ҳафтасига жами 26 та қатнов амалга оширилиб, парвозларнинг 20 таси халқаро, олтитаси маҳаллий рейсларга тўғри келмоқда. Энг кўп ҳаво бортлари Москва шаҳрига учирилган.
Сайёр қабулнинг муҳим қисми сайёҳлик агентликлари билан конструктив суҳбат бўлди. Туристик фирмалар вакилларининг мурожаатларида авиаташувларда хизмат сифатини янада ошириш учун қўшимча пуллик хизматларни жорий этиш, туроператорларини депозитдаги маблағларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш, халқаро туристик анжуманлар вақтида Самарқанд ва Тошкентдан Наманганга рейсларни йўлга қўйиш, ички туризм ривожида муҳим ўрин тутадиган юртимиз шаҳарлари бўйлаб қатновларни кўпайтириш, айрим йўналишда қўйилган рейсларнинг номутаносиблигини тартибга солиш, йўловчиларни рейслардан аввал қўйилган тақиқлар ҳақида расмий огоҳлантиришлар юбориш каби долзарб масалалар билдирилди.
Бундан ташқари, Наманган халқаро аэропортида рейс чипталарини расмийлаштириш жараёнларида юзага келаётган муаммолар ўртага ташланиб, унга аниқ ечим топиш лозимлиги таъкидланди.
[gallery-31047]
– Биз сайёҳлик агентликлари учун мана шундай шаклдаги мулоқотлар фаолиятимиз самарадорлигида алоҳида ўринга эга, – дейди “Кўксарой туризм” компанияси раҳбари Иброҳим Баҳромов. – “Uzbekistan Airways" авиакомпанияси вакиллари билан туристларимизни юртимизнинг қадимий шаҳарлари бўйлаб зиёрат турларини ташкиллаштириш вақтида қатновларда юзага келаётган муаммоларини ҳал қилиб олдик. Тошкент, Самарқанд, Урганч, Бухоро каби шаҳарлар бўйлаб қатновлар учун чипталарни олдиндан буюртма қилиш масаласига келишувга эришдик.
Мулоқот давомида, авиакомпания ҳамда турли фирмалар ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг нозик жиҳатлари, долзарб тижорат жараёнлари ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган қўшма ишлар истиқболлари муҳокама қилинди.
Қолаверса, тадбирда тегишли мутахассислар авиакомпания томонидан эълон қилинган борт кузатувчисига ишга қабул қилиш танлови ҳақида бафуржа тўхталиб ўтди.
Қайд этиш жоизки, мамлакатимиз ҳудудларида доимий сайёр қабуллар ўтказилиши “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамиятининг шаффофлик ва мижозларга йўналтирилганлик тамойилларига содиқлигини тасдиқлайди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.