Устозлик – юксак мартаба дегани!
Таълим – миллат келажаги. Устоз эса ана шу келажакни бунёд этадиган, ёш авлодга билим ва тарбия бериш билан бирга, унинг қалбида эзгулик, Ватанга муҳаббат ва эзгу мақсадларга ишонч уйғотадиган буюк касб эгасидир.
Бугун мамлакатимизда таълим соҳасини ривожлантириш, уни замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, ўқитувчиларнинг касбий салоҳияти ва жамиятдаги нуфузини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда замонавий билим ва кўникмаларга эга, янгиликка интилувчан, ўз касбига садоқатли педагогларнинг ўрни беқиёс.
Ана шундай изланувчан ва фидойи устозлардан бири Навоий вилояти Хатирчи туманидаги 16-сонли умумий ўрта таълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси Сарвиноз Шомуродовадир.
Сарвиноз Шомуродова 2016-2020 йилларда Навоий давлат педагогика институти (ҳозирги Навоий давлат университети)нинг “Бошланғич таълим ва спорт-тарбиявий иш” йўналишида таҳсил олиб, олий маълумотга эга бўлди. 2020 йилдан буён мазкур таълим муассасасида бошланғич синф ўқитувчиси сифатида самарали фаолият юритиб келмоқда.
Бошланғич таълим боланинг билим оламига қадам қўядиган, унинг дунёқараши, тафаккури ва шахсий фазилатлари шаклланадиган муҳим босқич. Шу боис бошланғич синф ўқитувчисининг зиммасидаги масъулият ниҳоятда катта. Сарвиноз Шомуродова бу масъулиятни чуқур англаган ҳолда, ҳар бир ўқувчига алоҳида ёндашиш, унинг қобилиятини юзага чиқариш, мустақил фикрлашини қўллаб-қувватлаш ва билим олишга бўлган қизиқишини оширишга интилиб келмоқда.
Бугунги таълим жараёни кечагидан тубдан фарқ қилади. Ахборот технологиялари, интерактив усуллар ва инновацион педагогик ёндашувлар мактаб ҳаётининг ажралмас қисмига айланмоқда. Замонавий ўқитувчи эса доимо изланиши, ўз билимини янгилаб бориши ва таълим жараёнига янгича ёндашувларни татбиқ этиши зарур. Сарвиноз Шомуродова ҳам ўз педагогик фаолиятида замонавий таълим технологияларидан самарали фойдаланишга, дарсларни қизиқарли ва мазмунли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратади. Унинг педагогик фаолиятида ўқувчини тайёр билимни қабул қилувчи эмас, балки билимни излаб топувчи, мустақил фикрловчи ва ўз қобилиятини намоён эта оладиган шахс сифатида шакллантириш муҳим ўрин тутади.
Сарвиноз Шомуродова педагогик фаолияти давомида ўз устида мунтазам ишлаб, касбий билим ва маҳоратини оширишга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Унинг меҳнати ва изланишлари натижасида 2025 йил август-декабрь ойларида ўтказилган аттестация жараёнида 94 балл натижа қайд этилиб, олий малака тоифаси қайта қўлга киритилди ҳамда 70 фоизлик устама олиш ҳуқуқига эга бўлди. Шунингдек, она тили фанидан B+ даражадаги миллий сертификатга эга бўлган педагог 2026-2027 ўқув йилида малакали педагоглар учун белгиланган Вазир устамасини олиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритди.
[gallery-31581]
Яқинда эса Сарвиноз Шомуродова илк бор ўтказилган “Йил ўқитувчиси” танловида ғолиб бўлди.
Сарвиноз Шомуродова учун ўқитувчилик шунчаки касб эмас. У бу касбни ёш авлод келажагини бунёд этишга хизмат қиладиган улуғ ва масъулиятли вазифа сифатида қабул қилади. Унинг педагогик қарашларида ҳар бир бола алоҳида шахс, ҳар бир ўқувчида эса кашф этилишини кутаётган улкан имконият бор.
Бугун эса Сарвиноз ёш бўлишига қарамасдан ўқувчиларнинг севимли устозига айланган. Устозлик эса юксак мартаба.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари