Устозга юксак эҳтиром кўрсатилди
Прокуратура органларида узоқ йиллар давомида ҳалол ва самарали меҳнат қилиб, соҳанинг ривожига муносиб ҳисса қўшган, ёш кадрларни тарбиялашда ўзининг бой тажрибаси ва ҳаётий сабоқлари билан намуна бўлиб келаётган Ҳамро Саидовга эҳтиром ва эъзоз кўрсатиш мақсадида Бухоро вилояти прокуратураси томонидан тадбир ташкил этилди.
Тадбирда прокуратура органларининг уч авлод вакиллари иштирок этиб, соҳадаги устоз-шогирд анъаналарининг бардавомлиги, катта авлодга ҳурмат ва эътибор каби юксак қадриятлар яна бир бор намоён бўлди.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ҳамда Бухоро вилояти прокурорининг табриклари етказилди. Унда Ҳамро Саидовнинг кўп йиллик фидокорона хизмати, юксак касбий маҳорати, адолат ва қонунийликни таъминлаш йўлидаги меҳнати, шунингдек, ёш ходимларни тарбиялашдаги хизматлари алоҳида эътироф этилди.

Фахрий устозга юксак эҳтиром рамзи сифатида “Фидойи мураббий” кўкрак нишони топширилди, миллий анъаналаримизга хос тўн кийдирилди. Бу эътироф устознинг кўп йиллик меҳнатига берилган муносиб баҳодир.
Бундай эзгу тадбирлар кекса авлод вакилларига эҳтиром кўрсатиш, уларнинг ҳаёт йўли ва бой тажрибасини ёшларга ибрат сифатида етказиш, касбга садоқат ва ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.