Устоз меҳнати — келажак пойдевори
ФОТОГАЛЕРЕЯ
Инсон ҳаётида устознинг ўрни беқиёс. Зеро, ҳар бир касб эгасининг камолоти, аввало, унга таълим ва тарбия берган ўқитувчи меҳнати билан боғлиқ. Устоз нафақат билим беради, балки ёш авлод қалбида эзгулик, ватанпарварлик, меҳнатсеварлик ва юрт тақдирига дахлдорлик туйғуларини шакллантиради.
[gallery-31720]
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан юртимизнинг барча ҳудудларида устоз ва мураббийларга эҳтиром кўрсатиш, уларнинг шарафли ва масъулиятли меҳнатини эътироф этишга қаратилган тадбирлар ўтказилмоқда.
Бугун таълим соҳасида фаолият юритаётган ўқитувчилар олдида янги авлодни замонавий билим ва кўникмалар билан қуроллантириш, мустақил фикрлайдиган, изланувчан ва ташаббускор ёшларни тарбиялашдек улкан вазифалар турибди. Бу жараёнда педагогнинг билим ва тажрибаси билан бир қаторда, унинг шахсий намунаси, касбга садоқати ва янгиликка интилиши муҳим аҳамият касб этади.
Юртимиз мактаб ва таълим муассасаларида меҳнат қилаётган устозлар орасида ўз касбига фидойи, илғор тажрибаларни амалиётга жорий этаётган, шогирдлари ютуқларидан қувонч топаётган педагоглар кўп. Уларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида ёшлар турли фан олимпиадалари, танлов ва мусобақаларда, халқаро интеллектуал беллашувларда муносиб натижаларга эришмоқда.
Устоз меҳнати самараси эса бир кун ёки бир йил билан ўлчанмайди. Бугун мактаб партасида ўтирган ўқувчининг эртанги муваффақиятида унинг биринчи ўқитувчиси берган сабоқ, айтган насиҳати ва кўрсатган йўли мужассам бўлади. Шу маънода, ўқитувчи меҳнати жамият келажагига қўшилган энг муҳим ҳиссалардан биридир.
Фотогалереямизда таълим муассасаларидаги қизғин жараёнлар, устоз ва шогирд мулоқоти, дарс ва машғулотлар, шунингдек, касб байрами муносабати билан ташкил этилган тадбирлардан лавҳалар жамланган.
Устозга эҳтиром – илмга, маърифатга ва келажакка эҳтиромдир.
ЎзА