Уруш фахрийсига юксак эҳтиром кўрсатилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Наманган вилоятида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олинмоқда.
Вилоят раҳбари Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги бир гуруҳ нуронийлар, мудофаа ва ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари Янги Наманган туманида истиқомат қилувчи Галина Болоченкова хонадонида бўлди.
Россияда туғилиб, болалигида фашистлар концлагери асири бўлган Галина Болоченкова 1959 йилдан буён Наманганда яшаб келмоқда. У узоқ йиллар қурилиш соҳасида самарали меҳнат қилган.
Тадбир давомида вилоят ҳокими давлатимиз раҳбарининг байрам табригини ўқиб эшиттирди ҳамда давлат раҳбари номидан пул мукофоти ва байрам совғаларини топширди.
Самимий мулоқотда фахрийларнинг ҳаёт йўли, матонати ва сабр-тоқати ёш авлод учун ибрат экани таъкидланди. Нуроний онахон эса бугунги тинч ва осойишта ҳаёт учун шукроналик билдириб, тинчликнинг қадрига етиш лозимлигини қайд этди.
[gallery-29327]
Тадбир ҳарбий оркестр ва жамоатчилик иштирокида кўтаринки руҳда ўтди. Қайд этилганидек, айни пайтда Наманган вилоятида икки нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси истиқомат қилмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА