Урганчда Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишланган Осиё кубоги бошланди
Урганч шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида миллий спортимиз кураш бўйича Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишланган V Осиё кубогининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
10 дан зиёд давлатнинг 200 нафарга яқин ёш курашчилари беллашаётган қитъа кубогининг очилиш маросимида иштирок этган Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов, Халқаро кураш ассоциацияси техник директори Рави Капур, Ўзбекистон кураш федерацияси раисининг спорт масалалари бўйича ўринбосари Уйғун Умаров ва бошқалар уч минг йиллик тарихга эга миллий спортимиз курашни халқаро майдонда ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор туфайли қисқа фурсатда жаҳон спорт терминологиясида ўзбекона ибораларни ўзида мужассам этган курашнинг ўрин олиши тарихий воқелик эканини таъкидлашди.

Қолаверса, юртимизда оммавий спорт ҳаракатини янги босқичга олиб чиқиш, профессионал спортчиларни тайёрлаш, миллий спорт турларини ривожлантиришга берилаётган эътибор натижасида азалий қадриятларимиз халқаро майдонда улуғланмоқда.
Анъанавий тарзда ташкил этиб келинаётган халқаро мусобақа кураш бўйича янги чемпионларнинг етишиб чиқишига хизмат қилиши эътироф этилди.

15-16 ёшли ўсмирлар ўртасида ўтаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишланган V Осиё кубоги мусобақалари 20 апрелга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА