Университетда учрашув ташкил этилди
“Ёшлар ойлиги” доирасида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев Жиззах давлат педагогика университети талабалари билан учрашди. “Раҳбар ва ёшлар” учрашувида ЖДПУ ректори, олийгоҳнинг иқтидорли ёшлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Тадбирда, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлиги, ёшларга ҳукумат миқёсидаги қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик хусусида сўз юритилди.
– Талабалар билан бўладиган ҳар қандай учрашув ва суҳбатлардан куч-қувват оламан. Шу даврада менга ҳайрат ва ҳавас билан боқиб турган ўғил-қизларнинг дилидаги мақсад, ниятларидан хабардор бўлиш, уларни катта-катта ишларга сафарбар этиш, орзу ҳамда мақсадларини амалга ошириш учун ҳам жонли мулоқотлар зарур деб ҳисоблайман, – деди Жиззах вилоят ҳокими Эргаш Солиев. Университет ҳовлисини тўлдириб ўтирган талаба ёшлар учун бу учрашув уларнинг ҳаётида муҳим бурилиш ясаши шубҳасиз. Чунки ушбу очиқ мулоқот тарзда ўтган тадбирда талабаларнинг берган саволлари, билдирган таклиф ва мулоҳазалари шундан далолат бериб турарди. Самимий руҳда бўлиб ўтган учрашувда университетнинг иқтидорли талабаларининг таклиф-мулоҳазалари, уларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этишдаги таклифлари, келажакдаги режаларини вилоят ҳокими диққат билан тинглади.


– Бугунги учрашув менда илиқ таассурот қолдирди, – дейди ЖДПУ талабаси Сарвиноз Зиятова. – Раҳбарлар билан яқиндан мулоқот қилишга имкон бўлди. Вилоят раҳбарининг талабалик йиллари, устозлари ҳақидаги ҳаётий воқеалари, орзу мақсадлари йўлида кўрган-кечирганларини тинглаш биз учун мароқли бўлди. Жонли мулоқот шунчаки ўтмади. Қайсидир талаба ўз ижодидан шеър ўқиса, яна кимдир қўшиқ куйлади, кўргазмага энг сара расмларини олиб келган талаба эса шу ернинг ўзида расм чизишни бошлади. Шахмат-шашка, стол тенниси каби спорт турларида беллашишга келганлар ҳам ғолиблик учун астойдил кураш олиб борди.
– “Раҳбар ва ёшлар” учрашувига келган талабларнинг шижоатидан руҳландим, – дейди университет ректори Шавкат Шарипов. – Ёшлик бу бебаҳо ва олтин лаҳзалар. Қилинган меҳнат, чеккан машаққатнинг роҳати ҳам бўлади. Мен талабаларимизга ўқинг, изланинг, кўпроқ ўз устингизда ишланг дейман. Кўтаринки руҳда ўтказилган бугунги учрашув ҳам ёшларга куч ва ғайрат, ўз ишига шижоат ҳамда фидоийлик бағишласа не ажаб.


А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА