Университетда “Карьера куни”
Навоий давлат университетида “Карьера куни” меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Бугун мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Айниқса, олий таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлаш, уларнинг касбий салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг амалий натижаларини бермоқда.

Тадбирда Навоий вилояти ҳокими ўринбосари Жамшид Ходжаев, университет ректори, профессор Муҳиддин Калонов, Ёшлар ишлари агентлиги вилояти бошқармаси раҳбари Лазиз Қаюмов ёшларнинг билимли, ташаббускор ва замонавий касб эгалари бўлиб етишишлари учун амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда олий таълим қамровини кенгайтириш, таълим сифатини ошириш ва меҳнат бозори талабларига мос кадрлар тайёрлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан ҳар бир ҳудудда ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш ва муносиб иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айниқса, “таълим – фан – ишлаб чиқариш” интеграцияси асосида ташкил этилаётган ҳамкорлик бугунги кунда ўз самарасини бермоқда. Олийгоҳларда ташкил этилаётган меҳнат ярмаркалари ёшларнинг иш қидириш жараёнини енгиллаштириб, иш берувчилар учун ҳам малакали кадрларни танлаб олиш имкониятини яратмоқда.

Тадбирда 2 минг нафарга яқин талаба иштирок этди. Уларга 40 га яқин корхона, ташкилот, муассаса ва тижорат банклари томонидан мавжуд бўш иш ўринлари, меҳнат шартлари, мутахассисларга қўйилаётган талаблар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Энг муҳими, битирувчилар ўз мутахассисликлари бўйича иш берувчилар билан бевосита мулоқот қилиб, келгусида ишга жойлашиш бўйича шартномалар имзолаш имкониятига эга бўлди.

– Ярмарка жуда яхши ташкил этилди. Энг муҳими, талабалар учун турли корхона ва ташкилотларнинг вакиллари билан бевосита суҳбатлашиш имконияти яратилди. Ўзимиз қизиққан бўш иш ўринлари ҳақида батафсил маълумот олдик, – дейди 4-курс талабаси Раъно Ҳакимова. – Мутахассислигим бўйича бир нечта ташкилот вакиллари билан суҳбатлашдим. Келгусида ишга жойлашиш бўйича таклифлар олдим. Биз битирувчилар учун жуда катта мотивация бўлди. Бу каби ярмаркалар талабаларнинг иш топишида жуда муҳим. Чунки кўпчилик талабалар айнан қаерга мурожаат қилишни билмайди. Бугунги тадбир эса иш берувчи ва талабаларни бир майдонда учраштирди.

Маълумотларга кўра, жорий ўқув йилида Навоий давлат университетини 4873 нафар талаба тамомламоқда. Уларнинг 2451 нафари кундузги, 318 нафари кечки, 1883 нафари сиртқи таълим ҳамда 221 нафари магистратура битирувчиларидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири