Умумий ўтмиш ва уйғун келажак: Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатларининг янги босқичи
Ўзбек ва қозоқ халқларини асрлар давомида боғлаб келган тарихий алоқалар бугунги кунда мутлақ янги босқичга чиқди. Айниқса икки давлат раҳбарлари учрашувлари минтақавий ҳамкорликнинг ўзига хос даврини бошлаб берди.
Марказий Осиё маконида халқлар ўртасидаги яқинлик ва ўзаро боғлиқлик чуқур тарихий жараёндир. Шу ҳудудда яшаб келаётган ўзбек ва қозоқ халқлари ўртасидаги муносабат нафақат географик яқинлик, балки умумий этномаданий илдиз, турмуш тарзи ва қадриятлар муштараклиги билан ҳам белгиланади.
Асрлар мобайнида шаклланган ижтимоий-маданий муҳит икки қардош эл дўстлигининг асосини ташкил этади. Савдо занжири, айниқса Буюк Ипак йўли, иқтисодий алоқа билан бирга маданий алмашинувни ҳам таъминлаган. Шу тариқа тил, оғзаки ижод, урф-одат ва анъаналар уйғунлашуви асосида ягона маданий макон вужудга келган.
Тошкент давлат шарқшунослик университети Марказий Осиё халқлари тарихи кафедраси катта ўқитувчиси, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, PhD Азиза Абдухалилова айни мавзу юзасидан ЎзАга қуйидагиларни сўзлаб берди.

– Глобаллашув ва минтақавий интеграция жараёни шароитида ўзбек ва қозоқ халқлари ўртасидаги алоқалар нафақат анъанавий қадрият, балки замонавий ижтимоий, маданий ва гуманитар ҳамкорлик орқали ҳам ривожланмоқда. Шу нуқтаи назардан ўзаро муносабатнинг бугунги босқичи тарихий илдизларга таянган ҳолда янгича мазмун ва шакл билан бойиб бораётгани қувонарли.
Маълумки, жорий йил 10-11 апрель кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг Ўзбекистонга амалий ташриф буюрди. Ташрифнинг асосий қисми, хусусан тадбирлар, музокаралар ва қўшма дастур лойиҳалари учун давлат раҳбарлари томонидан Бухоро шаҳри танланди.
Етакчилар дастлаб тор доирада учрашув ўтказиб, икки томонлама муносабатнинг савдо-сотиқ, саноат, транспорт, энергетика ва ахборот технологиялари соҳаларига оид асосий масалаларни муҳокама қилдилар. Учрашув якунида иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича “Йўл харитаси” тайёрлашга келишиб олинди.
Шунингдек, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуаси ва Бухоронинг тарихий обидаларини зиёрат қилиш асносида ҳудуднинг замонавий ривожига ҳам эътибор қаратилиб, олий даражали меҳмонга коммунал хизмат тизими ва эҳтимолий фавқулодда вазиятларни 24/7 режимида кузатиб борувчи ситуацион марказ фаолияти намойиш этилди. Марказ хавфни моделлаштириш ва тезкор хизмат фаолиятини мувофиқлаштириш имконини бериши айтиб ўтилди.
Президент Тоқаев Ўзбекистоннинг стратегик шерик сифатидаги ўрнини алоҳида таъкидлаб, давлатларимиз ўртасида ҳеч қандай келишмовчилик йўқлиги, барча келишувлар изчил амалга оширилаётганини билдирди. Президент Шавкат Мирзиёев мазкур учрашув иттифоқчилик муносабатини мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни кенгайтириш йўлидаги яна бир муҳим воқеа эканини таъкидлади.
Мазкур тарихий ташрифнинг давоми ўлароқ Остона шаҳрида бўлиб ўтган “Минтақавий экологик саммит” ва Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари Кенгаши йиғилишида мамлакатимиз етакчиси иштирок этиши ўзбек-қозоқ муносабатлари юқори даражасининг амалий ифодаси, десак муболаға бўлмайди.
Қайд этиш жоиз, Президентимиз нутқи аввалида Ўзбекистон саммитнинг экологик хавф-хатарлар ўзаро чуқур боғлиқлиги, мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал қилиш зарурлиги ифодаланган “Барқарор келажак учун умумий нигоҳ” бош ғоясини тўлиқ қўллаб-қувватлади. Лойиҳа муваффақиятли амалга оширилиши учун илгари сурилаётган ташаббусларини қатъий баён этди.
Анжуман давомида Марказий Осиёнинг барқарор тараққиёти йўлида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, минтақанинг экология, иқлим ва сув билан боғлиқ долзарб муаммоларини ҳал этиш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, Президентимиз томонидан бугунги глобал экологик бирдамлик заифлашиши чуқур хавотир уйғотаётгани, декларация ва даъватлар ресурслар билан мустаҳкамланмаётгани ҳамда глобал иқлим ўзгаришига энг кам таъсир кўрсатаётган мамлакатлар оғир салбий оқибатлар билан ўзлари ёлғиз қолиб кетаётгани таъкидланди.
Эътибор қаратиш муҳим бўлган яна бир жиҳат бор. Мамлакатимиз раҳбари атмосфера ҳавоси сифати ёмонлашаётган шароитда “Марказий Осиёнинг тоза ҳавоси” давлатлараро консорциумини таъсис этиш, минтақа учун иқлим лойиҳалари ягона инвестиция портфелини яратиш, Марказий Осиё атроф-муҳитидаги ўзгаришларнинг ягона минтақавий атласини яратиш каби қатор муҳим таклифларни ҳам билдирди.
Давлатимиз раҳбари нутқи сўнгида саммит якунида қабул қилинаётган ҳужжатларнинг ҳаётга тўлиқ татбиқ этилиши табиатдаги кучайиб бораётган хавф-хатарларга самарали мослашиш, технологик жиҳатдан янгиланиш, илғор ташаббусларни иқтисодий ўсиш ва ижтимоий барқарорликнинг кучли омилига айлантириш имкони мавжудлигига ҳам эътибор қаратди.
ЎзА мухбири Гўзал Сатторова ёзиб олди.