"Умра" хизматлари рекламасида назорат кучайтирилди
Бугун ахборот тез тарқаладиган даврда ҳар бир реклама ортида ишонч масаласи туради. Айниқса, "Умра" каби муқаддас сафарларга оид хизматларда ҳаққонийлик ва шаффофлик муҳим аҳамиятга эга.
Рақобат қўмитаси томонидан оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқларида жойлаштирилган материалларнинг “Реклама тўғрисида”ги қонун талабларига мослиги юзасидан ўрганиш ва таҳлил ишлари олиб борилмоқда.
Жумладан, туроператорлар томонидан “Умра” тадбирини ташкил этиш ва ўтказишга оид рекламалар ўрганилди.
Натижада Қўмитанинг Фарғона, Наманган вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари томонидан жами 6 та инстаграм саҳифаси орқали берилган рекламаларда қонунчилик талаблари бузилгани аниқланди. Мазкур ҳолатлар юзасидан мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди.
Ўрганиш якунлари бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилиши таъминланади. Шунингдек, реклама ахборотларининг қонун талабларига мослигини назорат қилиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Нигора Раҳмонова, ЎзА