Украиналик ҳарбийлар урушдан қочяптими?
Германияда ҳарбий тайёргарликдан ўтган айрим украиналик аскарлар ўқув машғулотидан сўнг қисмга қайтмаётгани маълум бўлди. Саксония-Анхальтда 80 га яқин шундай ҳолат қайд этилган, мамлакат бўйича эса уларнинг сони юзлаб бўлиши мумкин. Ҳозирча Германия ҳукумати бу борада расмий маълумот эълон қилмаган.
Россия – Украина уруши бошлангандан бери ГФРда тахминан 29 000 аскар тайёргарликдан ўтган. Машқда қуролдан фойдаланиш, ниқобланиш ва биринчи тиббий ёрдам кўникмаси ўргатилади. Шундан сўнг аскарлар юртига қайтиши керак.
Ўқишдан кейин хизмат жойига бормаганлар учун ҳуқуқий оқибат юзага келиши мумкин. Қисмни рухсатсиз тарк этганлар қочоқ сифатида баҳоланиб, бир неча йиллик қамоқ жазосига дуч келиши эҳтимоли бор. Германияда қолиш учун бошпана сўраш ҳам уларга бевосита ҳимояланиш мақомини бермайди.
Европа Иттифоқида ҳам ҳарбий хизмат ёшидаги украиналик эркаклар мақоми бўйича тартиб ўзгарган. Июнь ойида келишилган қоидага кўра, соддалаштирилган ҳимоя тартибидан фақат ҳарбий хизматни ўтаб бўлган ёки аскарликдан расман озод этилганлар фойдаланиши мумкин. Бундай ҳолатда қонуний чиқиб кетганлик ёки хизматдан озод этилганликни тасдиқловчи ҳужжат талаб этилади.
Мусулмон Зиё, ЎзА