Украинада “Patriot” тизими учун ракета танқислиги кузатилмоқда
Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг асосий устуни ҳисобланган “Patriot” мажмуаси учун ракета етишмовчилиги юзага келди. “The Washington Post” нашри ёзишича, бу ҳолат сўнгги ойларда Россия ҳужуми кескин кўпайиши асносида янада оғирлашган.
Яқинда Президент Владимир Зеленский иттифоқчиларни “Patriot” учун зарур ракета етказиб беришни тезлаштиришга чақирди. Унинг таъкидлашича, АҚШ ва Ғарбий Европа мамлакатлари тегишли захира мавжуд бўлса-да, Киевга аслаҳа беришга шошилмаяпти.
“The Atlantic” журнали эса АҚШ етакчиси Дональд Трамп Зеленскийнинг 300 дона тутувчи ракета ажратиш сўровини рад этгани ҳақида ёзган. Мазкур ракеталар қиш мавсумида мамлакат энергетика инфратузилмасини ҳимоя қилиш учун олиниши режалаштирилган эди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА