Учта ёш тоифасида сузувчилар сараланмоқда
“Олимпия шаҳарчаси” сув спорт турлари саройида сузиш бўйича уч ёш тоифасида ўтказилаётган Ўзбекистон чемпионатининг тўртинчи кун баҳслари якунланди.
Унга кўра, 18 ёш ва ундан катталар ёш тоифасида комплекс сузиш бўйича 200 ва 800 метр масофага ўтган баҳсларда Севара Яхшиева ва Юрий Петровнин ғолиб бўлди. Чалқанча 50 метрга сузган Нозимахон Исмоилова маррага 33.80 сонияда биринчи бўлиб етиб келди. Ушбу масофага баттерфляй тури бўйича ўтган беллашувларда Элдорбек Усмонов ва Паризод Абдукаримова чемпионга айланди.
16-17 ёш тоифасида 200 ва 800 метрга комплекс усулда сузган Алия Латипова ҳамда Асилбек Абдуҳакимов олтин медални қўлга киритди. 100 ва 200 метрга эркин услубда сузишда Жаҳонгир Марваров ҳамда Осиёхон Режаповага тенг келадигани топилмади. 100 метрга ўтган эстафетада қизлар орасида Андижон вилояти, йигитлар ўртасида Жиззах вилояти жамоаси ғолиб бўлди.
14–15 ёшдаги сузувчилар ўртасида Ксения Пашинина чалқанча усулда 50 метр масофага ўтган пойгаларда маррага биринчи бўлиб етиб келди. Мазкур масофага баттерфляй услубида сузган Самвел Агаханян ва Мадина Имомназарова барча рақибларини орта қолдирди.
Шунингдек, ушбу ёш тоифаларида сузишнинг турли усул ва масофаларда мамлакат чемпионлари аниқланди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА