Уч давлат, бир қалқон: Макка келишуви ортида нима бор?(+видео)
2026 йил 7 август куни Маккада Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон «Макка қўшма мудофаа келишуви»ни имзолади. Келишувга кўра, уч давлатдан бирига қилинган қуролли ҳужум учаласига қилинган ҳужум сифатида қаралади. Ушбу келишувнинг асл моҳияти ва унинг бугунги геосиёсий вазиятга таъсири қандай бўлиши “Халқаро шарҳ” кўрсатуви эксперти сиёсий фанлар доктори, Бектош Бердиев ҳамда журналист Дилшод Бўриев томонидан таҳлил қилинди.
Аввало, ушбу келишув кимнинг ташаббуси билан юзага келди?
Буни фақат битта давлатнинг ташаббуси деб айтиш қийин. Лекин келишув Саудия Арабистонининг хавфсизлик эҳтиёжлари билан кучли боғлиқ. Туркия эса ҳарбий-технологик салоҳияти, Покистон эса катта ва тажрибали армияси ҳамда ядровий мақоми билан келишувга стратегик куч беради. Уч давлат аввалдан мудофаа соҳасида ҳамкорлик қилиб келган бўлсада, нега айнан ҳозир келишувга қарор қилинди?
Асосий омил, Яқин Шарқда хавфсизлик муҳитининг кескин ўзгариши. АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан уруши, Эроннинг ракета имкониятлари ва Форс кўрфази хавфсизлигига таҳдидлар Саудияни ўз мудофаа имкониятларини диверсификация қилишга ундади. Бундан ташқари, Саудия Арабистони АҚШ хавфсизлик кафолатларига аввалгидек тўлиқ суяниш етарли эмас, деган хулосага келаётгани ҳақида таҳлиллар бор. Аммо, кўпчиликда бу келишув Эронга қарши иттифоқ эмасми, деган саволларни туғдирмоқда. Лекин, бевосита «Эронга қарши иттифоқ» деб аташ нотўғри. Расмий ҳужжатда Эрон душман сифатида тилга олинмаган. Аммо сиёсий жиҳатдан келишувнинг Эронни тийиб туриш функцияси бор, дейиш мумкин. Чунки келишув Эрон билан минтақавий кескинлик энг юқори нуқталардан бирига чиққан пайтда тузилди. Шу билан бирга, Туркия ҳам, Покистон ҳам Эрон билан тўғридан-тўғри урушга киришишдан манфаатдор эмас; шу сабабли улар учун бу келишув кўпроқ мудофаа, сиёсий сигнал ва минтақавий таъсирни кучайтириш воситаси бўлиб кўринади. Кўпчиликда Покистоннинг ўзи хавфсизлик муаммолари билан банд бўлса, бошқаларни қандай ҳимоя қилади, деган саволлар пайдо бўлиши мумкин.
Суҳбатдаги энг қизиқ саволлардан бири ҳам шу. Покистонда Афғонистон чегараси ва ички терроризм билан боғлиқ муаммолар бор. Бу ерда Покистоннинг асосий қиймати, ядровий тийиб туриш салоҳияти, катта армияси, ҳарбий тажрибаси ва Саудия билан узоқ йиллик ҳарбий алоқалари дейиш мумкин. Бироқ келишувнинг амалда қандай ишлаши, масалан, ҳужум юз берганда қайси давлат қанча куч ва қандай шаклда ёрдам бериши ҳозирча аниқ эмас.
Суҳбатда келишувни ҳозирча тўлиқ ҳарбий блок эмас, балки уч давлатнинг ўзаро мудофаа кафолати, ҳарбий ҳамкорлиги ва минтақада мустақилроқ хавфсизлик архитектурасини яратишга уриниш деб баҳоланди.
Кенжа Бекжонов, Нишонбой Абдувоитов, Улуғбек Тўхтаев,ЎзА