U19 жаҳон чемпионатида 4 нафар боксчимиз ярим финалга йўл олди
Черногориянинг Будва шаҳрида бокс бўйича U19 жаҳон чемпионати давом этмоқда. Мусобақанинг навбатдаги куни ҳам Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари муваффақиятли иштирок этди.
Хусусан, -48 кг. вазн тоифасида Мухтасар Алиева озарбайжонлик Банучечак Насирлига қарши рингга кўтарилди. Ҳамюртимиз ишончли ҳаракат қилиб, 5:0 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, -70 кг. вазнда Мафтуна Янгиева россиялик Александра Кошелевага қарши баҳс олиб борди. Жанг давомида устунликни сақлаб қолган ҳамюртимиз 5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.
-85 кг. вазндаги ҳамюртимиз Сардорбек Баҳромхўжаев чорак финалда грециялик Иоаннис Поумпоуридисга қарши рингга кўтарилди ва 4:1 ҳисобида зафар қучди. Шунингдек, -90 кг. вазн тоифасида Асадбек Султанбаев россиялик Темирсултан Темирсултановни 4:1 ҳисобида таслим этган ҳолда ярим финал босқичига чиқди. +90 кг. вазндаги Ислом Салиҳов ҳам чорак финалда муваффақиятли иштирок этди. У АҚШ вакили Стюарт Ридни биринчи раунддаёқ техник нокаутга учратди.
Бугун навбатдаги беллашувларда Элёр Рустамов (55 кг) бразилиялик Густаво Энрике Силвага, Севара Маматова (60 кг) англиялик Лекси Уокерга, Назокат Мардонова (51 кг) ирландиялик Кейли Бирнга қарши жанг қилади.
Бундан ташқари, Зулфиқор Адҳамжонов (70 кг) украиналик Александр Кравченко, Суҳроб Раҳматуллаев (75 кг) австралиялик Таулиалия Гидеон Сэнсон, Аброрбек Шарипов (80 кг) эса россиялик Прохор Старцев билан куч синашади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА