У кунларнинг ўтмишда қолгани рост бўлсин...
Бу йилги пахта ҳосили қандай йиғиштириб олинганини биров билди, биров билмади. Ҳақиқатдан ҳам бу мавсум ҳеч қандай шовқин-суронсиз, ортиқча зўриқишсиз кечди. Қисқа вақт ичида улкан пахта хирмони бунёд этилди. Албатта, кўпчилик кўнглидан “бўлар экан-ку!” деган гап ўтган бўлса керак. Лекин олдинлари бундай эмасди. Масалан, шўро даврида. Ўша вақтлар терим бошланди дегунча бутун республика улкан казармага айланарди. Юртимиздада гўёки фавқулодда ҳолат юз бергану ҳамма шунга бўйсиниши керакдай.
Биз ўқувчилар ҳам худди катталардай пахта теримига отланардик. У пайтлар тоза пахта терсак, бор йўғи ўн кун терардик. Қолган пайтлари терим машинаси теролмасдан қолдириб ёки сочиб кетган, ғўзапоянинг баргларию тупроққа қоришиб ётган ифлос пахталарни теришга мажбур эдик. У кунларни эсласам, ўз-ўзимга ачиниб кетаман. Ахир, ифлосланган пахталарни тераверганимиздан қўлларимиз шилиниб, ёрилиб кетарди. Бундан ташқари, 30-40 кило пахтани елкага кўтариб, то тарозибоннинг олдигача бўлган қарийб бир чақирим йўлни босиб ўтишнинг ўзи бўладими! Тўғри, меҳнат одамни ўлдирмайди. Лекин 14-16 ёшли биз болалар қора терга ботиб, уйимиздан 200-300 чақирим узоқликда, китоб ва устозлар сабоғисиз, ҳали қотмаган, нозик белларимизни букканча пахта терардик. Ўқитувчиларимизнинг балки ўшанда бизга раҳми келгандир, лекин улар мажбур бўлганидан бўлса керак, биз ёш болалардан норма талаб қилишар, уни бажармаганларни жазолашарди.
Кечқурун ётадиган жойларимизга ҳам ҳавас қилиб бўлмасди. Уйларимиздан олиб келинган кўрпаларга буркангача совуқ баракларда ухлардик. Албатта, бу кўрпалар чойшабсиз бўлар, оқибатда улар бир-икки ой ичида бутунлай кирланиб кетарди. Бу билан ҳеч кимнинг иши бўлмасди. Биздан фақат пахта талаб қилишарди...

Ўшанда теримга келганимизга уч-тўрт кун бўлмасдан, нимагадир бурнимдан қон оқа бошлади. Энди уйга кетсам керак деб ўйлагандим. Қаёқда дейсиз, касалхонага жўнатишди. У ерда бир ҳафтагача даволандим. Қайтиб келгач, яна жавоб беришмади. Яна пахта теришга мажбур бўлдим. Ҳа, ўша пайтлари одам эмас, пахта азиз эди.
Ниҳоят юртимизда сиёсат, тузум ўзгарди. Мустақилликка эришдик. Болалар меҳнатига барҳам берилди. Энди биз озод мамлакатнинг эркин фуқароларимиз. Кўнглимиз не бир эзгу ишни буюрса, шуни қилмоқдамиз. Айниқса, кейинги ўн йил ичида Президентимиз раҳбарлигида амалга оширган бунёдкорлик ишларимизни санайдиган бўлсак, шубҳасиз ҳисобдан адашиб кетамиз. Яна шуни ишонч билан айтиш мумкинки, кўплаб соҳаларда мақтанса мақтангудек ижобий ўзгариш ва янгиликлар юз берди. Буни қишлоқ хўжалиги мисолида ҳам айтиб ўтиш мумкин. Бу нарса айниқса, пахта етиштиришда, жумладан уни йиғиб-териб олишда яққол намоён бўлмоқда.

Ҳозирги пайтда пахта ҳосилининг асосий қисми терим машиналарида йиғиштириб олинмоқда. Бу машиналарнинг олдингиларидан фарқи шундаки, улар пахтани ифлос қилмай, тўкиб-сочмасдан тоза қилиб теришади. Оқибатда бир иш икки бўлмайди. Албатта, бу чегара эмас. Яқин вақтлар ичида қўл теримига ҳеч қандай ҳожат қолмаслиги мумкин. Ахир, бир пайтлар одамлар ғаллани ҳам ўроқда ўришган-ку. Ҳозир эса буни хаёлга сиғдириб бўлмайди. Демак, пахта теримида ҳам шу ҳолат юз беради. Бунга шубҳа йўқ.

Дарҳақиқат, бугун мамлакатимиздаги бундай ўзгаришларни кўриб нафақат юртдошларимиз, балки хорижликлар ҳам қойил қолишмоқда, ҳавас қилишмоқда. Ахир айтишади-ку: Интилганга толе ёр деб. Биз ҳам интилмоқдамиз. Бунинг самарасини эса ҳаммамиз кўриб, билиб турибмиз.
Туроб НИЁЗ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси
ЎзА