Турон: қитъаларни боғлаётган ўзбек жанг санъати
Ҳар бир жанг санъати ортида фақат ҳаракат, усул ёки мусобақа эмас, балки тарих, маданият, қадрият ва авлодлар мероси мужассам. Айтиш жоиз, Турон якка кураши ҳам ана шундай спорт турларидан бири. Ўзбекистоннинг бой жанг санъати анъаналарига таянган Турон бугун ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўймоқда. Ўзига хос ўзбекона хусусиятга эга ушбу спорт тури эндиликда мамлакат сарҳадларидан ташқарига чиқиб, жумладан, Америка қитъасида ҳам тобора кўпроқ спортчи ва мутахассисларда қизиқиш уйғотмоқда.

Мен кўп йиллардан буён яккакураш турлари билан шуғулланиб келаётган инсон сифатида Туроннинг Панамерика минтақасидаги истиқболига катта қизиқиш билан қарайман. Сўнгги йилларда Ўзбекистондаги ўзгаришларни кузатар эканман, мамлакатда жисмоний тарбия ва спортга давлат сиёсати даражасида беқиёс аҳамият қаратилаётганини кўряпмиз.
Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Янги Ўзбекистон жаҳонга юз тутиши, халқаро ҳамкорлик кенгайиши ва узоқ муддатли тараққиёт дастурлари амалга оширилишида спорт ҳам муҳим йўналишга айланган. Оммавий ва ёшлар спорти ривожланиши, замонавий инфратузилма барпо этилиши, ўзбекистонлик спортчиларнинг йирик халқаро мусобақалардаги ёрқин натижалари бунинг амалий ифодасидир. Айни муҳит миллий спорт турлари, жумладан Туронни ривожлантириш учун ҳам мустаҳкам замин яратади, албатта.
Туроннинг замонавий мусобақа қоидалари 1991 йил спорт устаси Баҳодир Саидов томонидан ишлаб чиқилган, 1992 йил Ўзбекистоннинг расмий спорт турлари рўйхатига киритилган. Фикримча, ушбу спорт тури шунчаки аренадаги беллашув эмас. Яъни, инсондан жисмоний тайёргарлик билан бирга интизом, масъулият, жасорат, ҳурмат ва ўзини бошқара билишни ҳам талаб қилади.
Бугун ушбу спорт турининг Панамерика минтақасида ҳам тарқалаётгани Туроннинг халқаро ривожида муҳим босқич, деб ўйлайман. Халқаро Турон федерацияси маълумотига кўра, АҚШ, Канада, Мексика, Чили, Боливия, Перу ва Уругвайда федерацияга тўлақонли аъзо ташкилотлар мавжуд. Шунингдек, Венесуэла ҳам халқаро Турон ҳамжамияти билан алоқани мустаҳкамламоқда.
Табиийки, географик қамров кенгайишининг ўзи етарли эмас. Зеро, муайян спорт турининг ҳақиқий тараққиёти халқаро мусобақада неча давлат байроғи кўтарилгани билангина ўлчанмайди. Барқарор тизим учун спорт техникасини пухта биладиган мураббийлар, малакали ҳакамлар, ўқув дастурлари, миллий чемпионатлар ва энг муҳими, ёш спортчилар учун маҳаллий машғулотдан миллий ва жаҳон миқёсидаги мусобақаларгача олиб чиқадиган аниқ йўл зарур.
Венесуэла учун Турон беқиёс имконият, деб биламан. Мамлакатимизда жанг санъати ва яккакураш турлари бўйича ўзига хос мактаб шаклланган. Спортчиларимиз турли йўналишларда халқаро мусобақаларда иштирок этиб келади. Бу тажриба Туронни ривожлантириш учун ҳам яхши асос бўлиши мумкин.
Жорий йил Тошкентда ўтказиладиган Турон бўйича Жаҳон кубогида иштирок этиш учун Венесуэла миллий делегациясига расмий таклиф йўллангани алоҳида аҳамиятга эга. Мен буни фақат бир халқаро мусобақада қатнашиш имкониятигина эмас, балки Венесуэла ва Ўзбекистон ўртасида янги спорт кўприги барпо этилаётганининг амалий ифодаси сифатида кўраман. Жанубий Америка шимолида жойлашган мамлакатимиз Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси давлатлари билан яқин маданий алоқаларга эга. Шу сабабли Венесуэла келажакда Туроннинг минтақада янада кенг тарқалишига ҳисса қўша олади, деб ўйлайман.
Тажриба шуни кўрсатадики, спорт фақат мусобақа кунларида ривожланмайди. Асосий иш мусобақалар ортида амалга оширилади. Университетлар таълим бериш, академиялар спортчи ва мураббий тайёрлаш, миллий федерациялар мусобақалар ташкил этиш орқали умумий ишга ҳисса қўшади. Бу жараёнда Ўзбекистоннинг тажрибаси жуда муҳим. Турон ватани мутахассислари техник билими ва тажрибасини бошқа мамлакатларга етказади, кейин ҳар бир ўлка ўз малакали мураббийлари ва ҳакамларини тайёрлайди. Шунингдек, ўқув-услубий материалларни ўзбек ва инглиз тиллари қатори испан тилида ҳам тайёрлаш Турон Лотин Америкасида оммалашишига кучли туртки беради.
Келажакда Турон бўйича Панамерика чемпионати ташкил этилиши минтақадаги тараққиётнинг муҳим босқичи бўлиши шубҳасиз. Тасаввур қилинг: Венесуэла, АҚШ, Канада, Мексика, Боливия, Чили, Перу, Уругвай ва истиқболда Турон оиласига қўшиладиган бошқа давлатлар спортчилари бир майдонда беллашмоқда. Бундай чемпионат фақат медаллар учун кураш майдони бўлиб қолмайди. Спортчилар янги рақобат муҳитига киради, мураббийлар тажриба алмашади, ҳакамлар халқаро амалиёт орттиради, миллий федерациялар ўртасида эса узоқ муддатли ҳамкорлик шаклланади.
Энг муҳими, бундай мусобақалар ёшларга аниқ мақсад беради. Бугун маҳаллий спорт клубида Турон билан шуғулланаётган бола эртага мамлакат чемпионати, сўнгра жаҳон миқёсида ўз Ватани шарафини ҳимоя қилиш имкони борлигини ҳис қилиши лозим.
Фикримча, Туроннинг келажаги, аввало, ёшларга боғлиқ. Ёшлар билан ишлаш деганда фақат кичик ёш тоифалари учун мусобақалар ўтказишни тушунмаслигимиз керак. Уларга малакали мураббий, хавфсиз машғулот муҳити, тўғри ташкил этилган мусобақалар ва босқичма-босқич ўсиш имконияти зарур. Турон ёшларга кучли ва чаққон бўлишнигина эмас, балки интизом, масъулият, ишонч, матонат ва ҳурматни ҳам ўргатади. Спортчи жаҳон чемпиони бўладими ёки профессионал спортни танламайдими – бу фазилатлар унинг ҳаётида барибир муҳим аҳамият касб этади.
Маълумки, Ўзбекистон билан Венесуэла ўртасида минглаб километр масофа бор. Спорт эса масофани қисқартириш хусусиятига эга. Каракасда Туронни ўрганаётган спортчи Ўзбекистонда шаклланган жанг санъати мактаби билан боғланади. Лотин Америкасидаги мураббий Турон усулларини ўзлаштирар экан, олган билимини кейинги авлодга етказади. Халқаро мусобақага йўл олган ёш спортчи эса уйига фақат маҳорат тажрибаси билан эмас, янги дўстлар, бошқа халқ маданияти ҳақидаги янги тасаввурлар билан қайтади.
Хорижда қанчалик кенг тарқалмасин, Турон Ўзбекистон билан боғлиқ тарихий ва маданий илдизларини сақлаб қолиш жуда муҳим. Бугунги глобаллашув даври спорт турининг ўзига хослигини йўқотиши эмас, аксинча тарих ва қадриятни янада кенг оммага етказиши керак.
Туроннинг Америка қитъасида ҳам келажаги борлигига ишонаман. Тошкентдан Каракасга, Нью-Йоркдан Мехикога, Ла-Пасдан Лимага, Сантьягодан Монтевидеогача Турон инсонларни спорт, маданият, интизом, жасорат ва ўзаро ҳурмат орқали бирлаштириши шубҳасиз.
Гильберто Аяла,
Яккакураш устаси, жанг спорт турлари бўйича
халқаро мусобақалар иштирокчиси
Венесуэла