“Турон” мактаб театри янги истеъдодларни кашф этмоқда
Шу кунларда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Республика “Келажак маркази” томонидан умумий ўрта таълим мактабларидаги театр студиялари фаолиятини қўллаб-қувватлаш орқали ҳудудларда театр маданияти ва санъатини ривожлантириш мақсадида “Турон” мактаб театри республика танлови ташкил этиляпти.
Хусусан, мазкур танловнинг Тошкент вилояти босқичи Олмалиқ шаҳридаги “Металлург” саройида ўтказилди.
Таъкидлаш лозимки, театр нафақат санъат, балки ҳаёт мактабидир. Унда ўқувчилар ўз ижодий қобилиятларини намоён этиб, жамоавий ишлаш кўникмаларини ривожлантириш, фикрларини эркин ифода этиш санъатини ўрганади. Ҳар бир саҳна кўриниши, ҳар бир сўз ва ҳаракат орқали улар ички дунёсини кашф этади ва бу ҳаётда муваффақиятли бўлишлари учун мустаҳкам пойдевор яратади.

Жорий йилнинг 1-5 март кунлари ҳудуддаги барча туман ва шаҳарларда ўтказилган танловда 946 та жамоа ва 7 минг 568 нафар ўқувчи-ёшлар иштирок этди. Саралаш босқичларидан 22 та жамоа ғолиблик учун вилоят босқичига етиб келди. Айтиш жоизки, “Турон” мактаб театри бугунги кунда ўқувчилар учун энг севимли ва фойдали лойиҳалардан бири бўлди. У нафақат ёшларнинг иқтидорини намоён этади, балки уларни маънавий жиҳатдан бойитиб, келажакка ишонч билан қадам ташлашга ундамоқда.

– Бугунги кунда “Турон” мактаб театри лойиҳаси ўқувчилар ўртасида катта қизиқиш уйғотмоқда, – дейди Паркент туманидаги 29-умумий ўрта таълим мактабининг мактаб маслаҳатчиси Илҳомжон Маматов. – Айниқса, мусобақаларнинг босқичма-босқич ташкил этилиши ўқувчиларда рақобат руҳини ошириб, уларни янада изланишга ундайди. Тайёргарлик жараёнида улар тажрибали актёр ва актрисалар билан учрашиб, керакли билим ва кўникмаларни ўзлаштирди. Шу билан бирга, ўз камчиликларини таҳлил қилиб, уларни бартараф этиш устида иш олиб борилмоқда.

Танловнинг якуний натижаларига кўра, биринчи ўринни Оҳангарон тумани 52-умумтаълим мактабининг “Тамаддун” жамоаси қўлга киритди. Иккинчи ўрин Юқори Чирчиқ тумани 12-умумтаълим мактабининг “Юксалиш” жамоасига, учинчи ўрин эса Чирчиқ шаҳар 2-умумтаълим мактабининг “Янги ўзбек жадидлари” жамоасига насиб этди.
Танлов жараёнида “Келажак маркази” ташаббуси билан турли номинациялар бўйича ҳам иштирокчи ўқувчилар тақдирланди.

Тадбирнинг тантанали тақдирлаш маросимида Тошкент вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси масъуллари, вилоят “Келажак маркази” раҳбарияти иштирок этиб ғолибларни самимий муборакбод этди ҳамда уларга диплом ва қимматбаҳо совғаларни топширди.
Мазкур танлов ўқувчи-ёшлар ўртасида театр санъати, бадиий тафаккур, ижодкорлик, нутқ маданияти ва саҳна маҳоратини ривожлантириш, шунингдек, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади.

Энди вилоят шарафини республика босқичида Оҳангарон тумани 52-сонли умумтаълим мактабининг “Тамаддун” жамоаси ҳимоя қилади.
А. Мусаев, ЎзА.