ТУРКСОЙ маданият ва санъат вакиллари Андижонда
Андижон - туркий дунёнинг маданият пойтахти мақоми доирасида Халқаро туркий маданият ташкилоти - ТУРКСОЙга аъзо давлатлар маданият ва санъат вакиллари Андижонга ташриф буюрди.
Қозоғистон, Туркия, Озарбайжон, Турманистон, Қирғизистон Республикаларининг театр санъати ва музей соҳаси вакиллари Андижон темирйўл вокзали ҳамда аэропортида ўзбекона урф-одат ва меҳмондўстлик билан тантанали кутиб олинди.
Андижонда 18–23 октябрь кунлари IV ТУРКСОЙ халқаро театр фестивали, ТУРКСОЙ театр раҳбарларининг йиғилишлари, V Туркий дунё музейлари учрашуви ҳамда ТУРКСОЙ музейлар уюшмасининг V даврий йиғилиши ўтказилиши белгиланган. Ушбу тадбирлар доирасида «Йилнинг энг яхши музейи» мукофотини топшириш маросими ҳам бўлиб ўтади.


Туркий халқларнинг бой маданий мероси, театр санъати ва музей соҳасидаги анъаналарини намоён этадиган мазкур тадбирлар ижодий мулоқот ва тажриба алмашиш учун муҳим майдон бўлади.


Андижондан бошланган ушбу тадбирлар туркий халқларнинг муштарак қадриятларини улуғлаш, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.


Фахриддин Убайдуллаев,
Зухриддин Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари