Туркманистондаги Маслаҳат учрашуви: Президентлар қандай ташаббусларни илгари сурди?
Жорий йилнинг 8 октябрь куни Туркманистондаги “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов раислигида ўтган саммитда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон қатнашди.
Минтақавий ҳамкорликнинг бу галги мулоқоти савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, транспорт ва логистика имкониятларини ривожлантириш, саноат кооперациясини мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро интеграцияни янги босқичга олиб чиқиш масалаларига бағишланди.
Учрашувда етакчилар минтақанинг иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, мамлакатлар ўртасидаги амалий ҳамкорликни кучайтириш ва умумий тараққиётга хизмат қиладиган қўшма лойиҳаларни илгари суриш юзасидан ўз таклифларини билдирди.
Хўш, “Аваза” саммитида минтақа лидерлари қандай муҳим ташаббусларни илгари сурди?
Қасим-Жомарт Тоқаев: Ўзаро савдо ҳажмини 20 миллиард долларга етказиш зарур

Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев минтақада савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ташаббусини илгари сурди.
Унинг таъкидлашича, ўтган йили минтақа ичидаги савдо ҳажми қарийб 13 миллиард долларни ташкил этган. Бу мамлакатлар умумий товар айланмасининг тахминан 8 фоизига тенг.
– Шу боис ҳукуматларимизга ўзаро савдо улушини ошириш ва ушбу кўрсаткични камида 20 миллиард долларга етказиш бўйича қўшма ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш вазифасини юклаш мақсадга мувофиқ, - дея фикр билдирди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Шунингдек, Қозоғистон етакчиси саноат, машинасозлик, энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида қўшма лойиҳаларни кўпайтириш, савдо тўсиқларини босқичма-босқич бартараф этиш ҳамда автомобиль ва темир йўл алоқаларини кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Унинг фикрича, Марказий Осиё ва Озарбайжон ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик бугунги глобал геосиёсий мураккабликлар шароитида стратегик аҳамиятга эга.
Садир Жапаров: Ягона электрон савдо платформасини ташкил этиш вақти келди

Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров Марказий Осиё ва Озарбайжон учун ягона электрон савдо платформасини яратиш ташаббусини илгари сурди.
Ушбу платформа тадбиркорлар ва истеъмолчиларнинг минтақада ишлаб чиқарилган маҳсулотлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, товарларни ташқи бозорларга олиб чиқиш ва рақамли савдони ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Қирғизистон раҳбари электрон савдони ривожлантириш товарларни етказиб бериш, омборларда сақлаш, божхона расмийлаштируви ва юкларни кузатишни қамраб оладиган замонавий логистика инфратузилмасини шакллантириш билан бирга олиб борилиши зарурлигини билдирди.
Шунингдек, у Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши минтақанинг халқаро транспорт тармоқларига интеграциялашувида муҳим ўрин тутишини қайд этди.
– Бизнинг асосий мақсадимиз аниқ ўлчанадиган натижаларга эришиш, яъни, юк ташиш харажатларини камайтириш ва йўлга сарфланадиган вақтни қисқартириш бўлиши керак. Шу билан бирга, ҳар бир ўлка минтақавий транспорт лойиҳаларида тўлақонли иштирок этиш ва улардан иқтисодий манфаат кўриш имкониятига эга бўлиши лозим, - дея таъкидлади С.Жапаров.
Президент шунингдек, музликлар ва тоғ экотизимларини муҳофаза қилиш, қўшма туризм йўналишларини ривожлантириш ҳамда “бир саёҳат – бир нечта мамлакат” тамойили асосида ягона туристик маконни шакллантириш таклифини билдирди.
Шавкат Мирзиёев: “Олти иқтисодиёт – битта маҳсулот” тамойили асосида ҳамкорликни ривожлантириш лозим

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев савдо, саноат, транспорт, энергетика ва рақамли технологиялар соҳасида ўзаро боғланган ягона ҳамкорлик маконини шакллантириш бўйича қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.
Давлат раҳбари иқтисодий ҳамкорликни оддий товар айирбошлашдан қўшма ишлаб чиқариш занжирларини ташкил этиш босқичига олиб чиқиш зарурлигини таъкидлади.
– Биз бир-биримиз билан оддий савдо қилишнинг ўзи етарли бўлмай қолган босқичга етиб келдик. Якуний маҳсулотни биргаликда яратишимиз керак. “Олти иқтисодиёт – битта маҳсулот” формуласи биз интилишимиз лозим бўлган мақсад моҳиятини яхши ифодалайди, - деди Ш.Мирзиёев.
Ўзбекистон етакчиси 2027 йилда Хива шаҳрида Марказий Осиё ва Озарбайжон бизнес форумини ўтказиш, қўшма инвестиция лойиҳаларини молиявий-техник қўллаб-қувватлаш учун махсус платформа яратишни таклиф этди.
Шунингдек, транспорт ва логистика лойиҳаларини мувофиқлаштириш мақсадида Инфратузилмавий ривожланиш бўйича кенгаш ташкил этишни тезлаштириш ҳамда унинг биринчи мажлисини Ўзбекистонда ўтказишга тайёрлигини маълум қилди.
Энергетика соҳасида кам углеродли энергетика салоҳияти бўйича қўшма концепция ишлаб чиқиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ирригация тизимларини модернизация қилиш ва экологик муаммоларга биргаликда ечим топиш муҳимлигига эътибор қаратилди.
Президент “Марказий Осиё тоза ҳавоси” халқаро консорциуми фаолиятини саноат зоналари, агрокластерлар ва транспорт тармоқларини экологик модернизация қилишга қаратилган амалий лойиҳалардан бошлаш таклифини ҳам билдирди.
– Сўнгги йилларда биз кўп нарсага эришдик. Энди бу ўзгаришларни мустаҳкамлаш ва ҳамкорлигимизни келгуси ўн йилликлар давомида барқарор қилиш муҳимдир. Формула оддий: тараққиёт ва хавфсизлик йўлида бирдамлик ва ишонч, - дея таъкидлади Ш.Мирзиёев ўз нутқида.
Сердар Бердимуҳамедов: Минтақани йирик логистика ва энергетика марказига айлантириш муҳим

Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов Марказий Осиё ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, мамлакатларнинг иқтисодий ва транспорт имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.
Унинг фикрича, минтақа давлатлари жаҳон иқтисодиётида муҳим логистика ва энергетика марказлари сифатида ўз мавқеини мустаҳкамлаш учун етарли салоҳиятга эга.
Туркманистон етакчиси илк бор олти томонлама форматда ўтаётган учрашувнинг аҳамиятига тўхталиб, Озарбайжоннинг мазкур мулоқотга қўшилишини қардошлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳолади.
У ташқи сиёсат, хавфсизлик, савдо-иқтисодий алоқалар, фан, таълим ва гуманитар соҳаларда мавжуд имкониятларни бирлаштиришга эътибор қаратиш лозимлигини тилга олди.
С.Бердимуҳамедовнинг таъкидлашича, миллий иқтисодиётларнинг жадал ривожланиши, диверсификациялашуви ва технологик салоҳияти ортиши мамлакатлар олдига йирик стратегик мақсадларни қўйиш имконини бермоқда.
Шу маънода, у минтақанинг Осиё ва Европа ўртасидаги иқтисодий алоқаларда тутган ўрнини мустаҳкамлаш, энергетика ва транспорт соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, халқларнинг умумий маънавий ва маданий қадриятларини асраб-авайлаш зарурлигини қайд этди.
Туркманистон раҳбари давлатлар жаҳондаги ўзгаришлар ва янги таҳдидлар шароитида ҳамкорлик салоҳиятидан имкон қадар тўлиқ фойдаланиши кераклигини айтди.
Илҳом Алиев: Биргаликда сармоя киритиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ва ташқи бозорларга чиқиш керак

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Марказий Осиё давлатлари билан қўшма инвестиция лойиҳаларини кўпайтириш, саноат кооперациясини кенгайтириш ва Каспий денгизи орқали транспорт алоқаларини янада ривожлантириш муҳимлигини қайд этди.
Давлат раҳбарининг маълум қилишича, ўтган йили Озарбайжоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо айланмаси 50 фоиздан зиёд ошган. Айни пайтда мамлакатда минтақа давлатлари капитали иштирокида 400 дан ортиқ компания фаолият юритмоқда.
– Биз фақат ўзаро савдони кўпайтириш билан чекланиб қолмаслигимиз, балки биргаликда сармоя киритишимиз, маҳсулот ишлаб чиқаришимиз ва ташқи бозорларга чиқишимиз керак, - дея фикр билдирди И.Алиев.
Озарбайжон етакчиси Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон билан ташкил этилган қўшма инвестиция жамғармалари имкониятларидан фаолроқ фойдаланиш, янги ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш ва саноат ҳамкорлигини кенгайтиришга чақирди.
Шунингдек, у Транскаспий транспорт йўналишлари рақобатбардошлигини ошириш, денгиз портлари, темир йўллар ва автомобиль йўллари инфратузилмасини ривожлантириш муҳимлигини айтди. Президентнинг маълум қилишича, Ўрта йўлак орқали транзит юк ташиш ҳажми ўтган йили 10 фоиздан зиёд, жорий йилнинг дастлабки саккиз ойида эса қарийб 20 фоизга ошган.
Илҳом Алиев Каспий денгизи тубидан оптик толали алоқа линияларини ўтказишни назарда тутувчи “Рақамли Ипак йўли” лойиҳасига ҳам эътибор қаратди.
Энергетика соҳасида эса Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистон иштирокида “яшил” энергия йўлагини ташкил этиш бўйича ишлар давом этаётганини маълум қилди.
Эмомали Раҳмон: Минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарур

Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ўз нутқида Марказий Осиё ва Озарбайжоннинг иқтисодиёт, транспорт, энергетика ва саноат соҳаларида янада яқин ҳамкорликка ўтиш борасидаги улкан салоҳиятига эътибор қаратиб, минтақада бунинг учун етарли ресурслар мавжудлигини таъкидлади.
Президент энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш зарурати, унинг қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши барқарорлигини таъминлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашдаги аҳамиятини инобатга олиб, устувор энергетика лойиҳалари рўйхатини шакллантириш ва уларни биргаликда молиялаштиришнинг эҳтимолий механизмларини ишлаб чиқиш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф этди.
Шу муносабат билан бутун минтақа эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, энг замонавий технологиялар асосида йирик нефтьни қайта ишлаш заводини қуриш лойиҳасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш муҳимлиги тилга олди.
Шунингдек, давлат раҳбари қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ва энергия самарадорлигини оширишни назарда тутувчи минтақавий “яшил” ўтиш стратегиясини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди.
Рақамлаштириш мавзусини давом эттирар экан, Э.Раҳмон Душанбе шаҳрида Минтақавий сунъий интеллект марказини ташкил этишнинг аҳамиятига тўхталди. Ушбу марказ фаолияти минтақа мамлакатларининг инновацион имкониятларини бирлаштириши ҳамда иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларида сунъий интеллект технологияларини жорий этишни жадаллаштиришига ишонч билдирди.
Шундай қилиб, “Аваза”даги саккизинчи Маслаҳат учрашуви Марказий Осиё ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорликнинг янги устувор йўналишларини белгилаб берди, дейиш мумкин. Давлат раҳбарлари томонидан илгари сурилган ташаббуслар савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, транспорт ва энергетика соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамда рақамли ва “яшил” иқтисодиётга ўтиш жараёнларини жадаллаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Мазкур таклифларнинг амалий рўёбга чиқарилиши минтақа мамлакатлари ўртасидаги ўзаро боғлиқликни кучайтириш, иқтисодий салоҳиятдан самарали фойдаланиш ва умумий тараққиёт учун янги имкониятлар яратиши шубҳасиз.
Ўткир АЛИМОВ,
ЎзА