Туркман миллий қадриятларини асраб-авайлаш учун яратилган имкониятлар бизга ишонч бағишлайди
Бугун, 30 июль юртимизда - Халқлар дўстлиги куни. Ушбу байрам жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, фаровонлик, миллатлар ва динлараро дўстлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликнинг амалдаги ифодасидир. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий қилинган ушбу сана ҳар йил юртимизда 130 дан зиёд миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари иштирокида кенг тантана қилиб келинмоқда.
Халқлар дўстлиги куни муносабати билан Президентимизнинг Ўзбекистон халқига йўллаган байрам табригида юртимиздаги миллат ва элатлар, диний конфессия вакиллари аҳил, иноқ яшаб, мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётгани юксак қадрланиши алоҳида эътироф этилган. Дарҳақиқат, бугун жамиятимизнинг барча соҳаларида турли миллат ва элат вакиллари тенг ҳуқуқ ва имкониятлар асосида изчил фаолият кўрсатиб келмоқда.
Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Туркман миллий маданий маркази раҳбари, “Дўстлик” ордени соҳибаси Гулдана Авездурдиева кўпмиллатли юртимизда яратилган шарт-шароитлардан мамнун ҳолда мамлакатимиз равнақига ҳисса қўшиб келаётган ватандошларимиздан бири. Халқлар дўстлиги куни муносабати билан опанинг қалбидан кечаётганлари билан қизиқдик:

— Бугун Ўзбекистонда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари тинч-тотув, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитида яшаб келаётгани мамлакатимиздаги бағрикенглик ва дўстлик сиёсатининг юксак натижасидир, — дейди Гулдана Авездурдиева. — Мен кўп йиллик меҳнат фаолиятимдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, сўнгги йилларда мамлакатимизда турли миллат ва элат вакилларига бўлган эътибор ва ғамхўрлик янги босқичга кўтарилди. Айниқса, уларнинг ўз тили, маданияти, урф-одат ва анъаналарини асраб-авайлаш ҳамда ривожлантириши учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Энг муҳими, бу имкониятлардан миллатидан қатъи назар, барча фуқароларнинг тенг фойдаланиши учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Бугун ҳар бир инсон ўз билими, салоҳияти ва меҳнати билан жамиятда муносиб ўрин эгаллаши, давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларида фаол иштирок этиши учун кенг имкониятларга эга. Биз ўзимизни шу юртнинг ажралмас қисми, Ўзбекистоннинг тараққиёти ва келажагига дахлдор инсонлар сифатида ҳис қиламиз. Менинг халқ вакили сифатидаги ҳамда депутатликка қадар бўлган кўп йиллик меҳнат фаолиятим ҳам бунинг амалий ифодаси, деб ўйлайман.
Президентимизнинг Халқлар дўстлиги куни муносабати билан йўллаган самимий табрикларини биз, Ўзбекистонда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатлар вакиллари юксак кўтаринки руҳда, қалбимиз ва юрагимизда чексиз фахр ва миннатдорлик ҳисси билан қабул қилдик. Бу табрик, аввало, мамлакатимизда яшаётган ҳар бир миллат ва элат вакилига бўлаётган юксак эътибор ва ҳурматнинг ёрқин ифодасидир. Давлатимиз раҳбарининг турли миллат ва элат вакилларини бир оила аъзоларидек қадрлаб, уларнинг тили, маданияти, анъана ва қадриятларини асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратаётгани биз учун жуда катта аҳамиятга эга.
Айниқса, миллий маданий марказларга қаратилаётган эътибор ва қўллаб-қувватлаш бизга катта масъулият юклайди. Биз ўз миллатимизнинг тили, тарихи, маданияти ва миллий анъаналарини ёш авлодга етказиш билан бирга, халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга ўз ҳиссамизни қўшишга ҳаракат қилмоқдамиз.
Мен Туркман миллий маданий маркази раҳбари сифатида шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, Ўзбекистонда туркман халқининг тили, маданияти ва миллий қадриятларини асраб-авайлаш, ривожлантириш учун яратиб берилган имкониятлар бизга катта куч ва ишонч бағишлайди. Биз бу эътиборни юксак қадрлаймиз ва бундан кейин ҳам Ўзбекистон ва Туркманистон халқлари ўртасидаги азалий дўстлик ва қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлаш йўлида хизмат қиламиз.
“Дўстлик” фестивали каби тадбирлар эса бу эзгу мақсадларни янада кенг намоён этиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилмоқда. Бундай тадбирларда ҳар бир миллат ўзининг бой маданияти ва санъатини намоён этар экан, биз бир-биримизни янада яқиндан англаймиз, умумий қадриятларимизни ҳис қиламиз. Зеро, турфа маданиятлар — бизни ажратувчи эмас, аксинча, бирлаштирувчи бойлигимиздир.
Президентимизнинг табриги бизга яна бир бор шу ҳақиқатни ҳис қилдирадики, юртимиздаги тинчлик, миллатлараро тотувлик ва дўстлик муҳитини асраш — барчамизнинг умумий бурчимиз.
Биз бундай юксак ишонч ва эътиборга муносиб бўлишга, Ўзбекистонимизнинг янада равнақ топиши, халқимиз фаровонлиги ва юртимиздаги дўстлик муҳитини мустаҳкамлашга ўз ҳиссамизни қўшишга ҳаракат қиламиз.
Халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва қардошлик ришталари янада мустаҳкам бўлиб, юртимизда тинчлик ва осойишталик, миллатлар ва элатлар ўртасидаги тотувлик ва ҳамжиҳатлик доимо барқарор бўлсин!
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА