Туркиядаги ўзбеклар эзгулик ҳаракатини ривожлантирмоқда
Истанбул шаҳрида ўзбекистонликлар томонидан ташкил этилган Ногирон ва муҳтож болаларга ёрдам ва ҳамжиҳатлик халқаро ташкилоти икки йилдан буён самарали фаолият юритмоқда.
Ташкилотнинг “Яхшилик ҳаракати” доирасида навбатдаги манзил Бурса шаҳри бўлди. Фаоллар бу ерда истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан учрашиб, улар орқали эҳтиёжманд оилалар шароитини ўрганди, муаммоларни аниқлаб, кўпчиликка зарур ёрдам кўрсатди.
Жараёнда Бурса ўзбеклари ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Улар ташкилот фаоллари билан алоқа ўрнатиб, ўз атрофидаги оилалар ҳақида маълумот тўплаш, мавжуд эҳтиёжни аниқлашда иштирок этмоқда.
Ҳа, Истанбулда бошланган ташаббус бошқа шаҳарларда яшаётган ватандошларимизни ҳам бирлаштириб, амалий ёрдам тармоғини шакллантирмоқда. Мазкур жараённинг яна бир аҳамиятли томони ўзбекларнинг Туркия ижтимоий ҳаётида фаоллашиб бораётганидир. Улар жамият ривожига ҳисса қўшиш баробарида инсонпарварлик ва ўзаро ёрдам муҳитини кучайтиришга ҳам ҳаракат қиляпти.
Ташкилот фаолияти Туркия билан чекланмайди. Жорий йил баҳорида Самарқанд шаҳрида фаолият юритувчи “Имон” нодавлат нотижорат ташкилоти билан ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Ушбу битимдан кўзланган мақсад ижтимоий ва хайрия йўналишида ҳамкорлик қилиш, эҳтиёжманд болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш, тажриба алмашиш ҳамда қўшма ташаббусларни ривожлантиришдир.
Нодира Қаюмова, ЎзА