Туркияда ўтказилаётган Этноспорт ва маданият фестивалида қадриятларимиз намойиш этилмоқда
Мазкур нуфузли спорт ва маданият тадбири доирасидаги тадбирларда иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Тошхўжаев VIII Этноспорт ва маданият фестивалида юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган спортчи ва мураббийлар билан учрашди.
Анъанавий спорт турлари ва миллий ўйинлар, ҳунармандчилик кўргазмалари, гастрономик зоналар, театрлаштирилган томошалар ва ижодий учрашувларни қамраб оладиган VIII Этноспорт ва маданият фестивалида миллий спортимиз кураш ва ўзбек жанг санъати бўйича мусобақалар ташкил этилмоқда.

Мулоқот жараёнида мутасаддилар қадриятларимизни ўзида мужассам этган спорт турларининг жозибасини, унинг техник-тактик тамойилларини фестиваль иштирокчиларига ёрқин намойиш этишда спортчиларга омад тилади.

Шунингдек, расмийлар фестиваль доирасида Жаҳон этноспорт конфедерацияси президенти Билол Эрдоғон ҳамда Грузия спорт вазири Шалва Гоголадзе билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, истиқболли режаларни амалга ошириш боасида фикр алмашди.


Ўзбекистон спорт делегацияси томонидан дунёнинг бир қатор давлатларидан Истанбулга келган фестиваль иштирокчилари учун миллий таомимиз палов тайёрланиб, тортиқ этилди.
“Анъанадан келажакка” шиори остида ўтаётган VIII Этноспорт ва маданият фестивали 24 майга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА