Туркия, Қатар, Покистон ва Индонезия мудофаа саноатида кучларини бирлаштиради
Туркия, Қатар, Покистон ва Индонезия мудофаа саноатида ҳамкорлик ўрнатишни режалаштирган. “Anadolu” хабар беришича, тегишли меморандум бугун Дохада имзоланиши кутиляпти.
Ҳужжатда технология, ахборот ва тажриба алмашинуви, мутахассис тайёрлаш, илмий-тадқиқот ва ишланма соҳаларидаги шериклик кўзда тутилган.
Ташаббусдан кўзланган мақсад тўрт мамлакат миллий мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш ва қўшма саноат лойиҳаларини кенгайтиришдир.
Ҳамкорлар алоҳида қурол қисмларини тадқиқ қилиш ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш, муҳандислик тажрибаси билан ўртоқлашиш, бирга яратилган маҳсулотларни жаҳон бозорида илгари суриш имкониятини ўрганади.
Бу давлатлар аллақачон икки томонлама алоқаларни йўлга қўйган. Масалан, Туркия ва Индонезия ўртасида KAAN қирувчи самолёти, “Kaplan MT” танки ва “Аtmasa” кемага қарши ракетаси бўйича ҳамкорлик қилиб келмоқда.
С.Раҳимов, ЎзА