Туркия Миллий кутубхонаси раҳбари Ўзбекистон Миллий кутубхонасида
Туркия Миллий кутубхонаси раҳбари Танер Бейўғлу ҳамда матбуот котиби Меҳмет Айхан Ўзбекистон Миллий кутубхонасига ташриф буюрди.
Меҳмонларни Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева кутиб олиб, кутубхона фаолияти, унинг асосий йўналишлари ҳамда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида маълумот берди.

Ташриф давомида меҳмонлар кутубхонанинг нодир ва ноёб қўлёзмалар фонди, замонавий ўқув заллари, жумладан, “Туркияга нигоҳ” ўқув зали фаолияти билан яқиндан танишди.
Шунингдек, китобларни рақамлаштириш жараёнлари, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш йўналишида амалга оширилаётган ишлар ҳамда Мультимедиа студияси фаолияти билан танишди.
Учрашув давомида миллий кутубхоналар фаолиятида замонавий ёндашувларни қўллаш, электрон ресурсларни ривожлантириш ва китоб фондларини асраб-авайлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Мулоқот давомида икки мамлакат миллий кутубхоналари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш ва соҳадаги илғор амалиётларни ўрганиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар келгусида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, мутахассислар ўртасида тажриба алмашинувини кенгайтириш ва китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш муҳимлигини қайд этди.
Н.Усмонова, ЎзА