Туркий дунё ижодкорлари Андижонда
Шу йил 21-22 август кунлари Андижонда Халқаро туркий маданият ташкилоти - TURKSOY Ёзувчилар уюшмасининг йиғилиши ҳамда "2026 йил — Зиё Кўкалп йили"га бағишланган халқаро ижодий учрашув бўлиб ўтади.
Ана шу тадбирларда иштирок этиш учун Халқаро туркий маданият ташкилоти - TURKSOY Ёзувчилар уюшмаси вакиллари Андижонга етиб келди. Меҳмонларни Андижон темир йўл вокзалида шоир ва ёзувчилар, адабиёт ихлосмандлари, кенг жамоатчилик вакиллари ўзбекона меҳмондўстлик, карнай-сурнайлар билан кутиб олди.


TURKSOY, Ўзбекистон Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Андижон вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказиладиган тадбирларда Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон Ёзувчилар уюшмалари раислари, уларнинг ўринбосарлари, олимлар, тадқиқотчилар ҳамда адабиёт оламининг етакчи вакиллари иштирок этади.

Икки кун давомида Андижон адабиёт, шеърият ва ижодий мулоқотлар марказига айланади. Мазкур нуфузли анжуман туркий халқларнинг муштарак адабий мероси, маънавий қадриятлари ва ижодий алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.



Маълумот ўрнида: TURKSOY Ёзувчилар уюшмаси 2023 йилда Туркиянинг Анқара шаҳрида жойлашган TURKSOY Бош қароргоҳида Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Евросиё ёзувчилар уюшмалари умумий иродаси асосида ташкил этилган. Уюшма туркий дунёда адабиёт соҳасида фаолият юритаётган ёзувчилар уюшмаларини ягона тузилма атрофида бирлаштириш, қўшма лойиҳалар ва тадбирларни ташкил этиш, адабий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни мақсад қилган.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.