Туркий давлатлар стартаплар учун янги имконият очмоқда
Бир мамлакатда пайдо бўлган стартап учун кейинги қадам — янги бозор. Аммо ғояни яратишдан уни бошқа давлатда ишга туширишгача бўлган йўл ҳар доим ҳам осон эмас. Туркий давлатлар бу жараённи енгиллаштириш учун технологик экотизимларни бир-бирига яқинлаштиришга киришмоқда.
Тошкентда ўтказилган Туркий давлатлар ташкилотининг I Технологиялар форуми айнан шу мақсадда муҳим мулоқот майдонига айланди. Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркиянинг технопарклари ҳамда инновация ташкилотлари вакиллари илк бор бир майдонда жамланиб, стартаплар, инвестиция ва технология компаниялари учун умумий имкониятларни муҳокама қилди.
Форумда IT Park Uzbekistan, Озарбайжон Инновациялар ва рақамли ривожланиш агентлиги, Қозоғистоннинг Astana Hub, Қирғизистоннинг Юқори технологиялар парки ҳамда Туркиянинг Bilişim Vadisi вакиллари иштирок этди.
Муҳокамалар якунида бешта ташкилот ўртасида меморандум имзоланди. Унга кўра, технопарклар ўзаро тажриба алмашади, қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди ва технологик компанияларни Туркий давлатлар бозорларига олиб чиқиш учун ҳамкорлик қилади.
Яъни, энди стартап учун янги бозорга чиқиш фақат ўз имкониятига боғлиқ бўлиб қолмайди. Унга янги ҳамкорлар, инвесторлар ва маҳаллий технологик муҳитга киришда кўмак бериш механизмлари ҳам яратилади.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА