Туркий давлатлар ўртасида рақобат соҳасида ҳамкорлик янада мустаҳкамланмоқда
Шуша шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотига аъзо ва кузатувчи давлатлар рақобат органлари раҳбарларининг 3-йиғилиши доирасида Ўзбекистон Рақобат қўмитаси халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича муҳим музокаралар ўтказди.
Йиғилиш доирасида Рақобат қўмитаси раиси Халилилло Тўрахўжаев Туркия, Озарбайжон ва Венгрия рақобат идоралари раҳбарлари билан алоҳида икки томонлама музокаралар ўтказди.
Учрашувларда давлатлар раҳбарлари даражасида сўнгги йилларда кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётгани, айниқса иқтисодий алоқалар, адолатли бозор муҳитини шакллантириш ва инвестиция жозибадорлигини ошириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири экани таъкидланди.

Музокаралар чоғида истеъмолчилар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жамоатчилик билан очиқ мулоқот механизмларини кучайтириш, рақамли бозорларда соғлом рақобатни таъминлаш, шунингдек глобал рақамли платформалар учун миллий бозорларда қулай ва шаффоф шарт-шароитлар яратиш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, рақамли иқтисодиёт шароитида янги хизматлар ва инновацион ечимларни жорий этиш, бозорга кириш имкониятларини кенгайтириш ҳамда инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича замонавий тартибга солиш ёндашувлари юзасидан фикр алмашилди.
Музокаралар якунида томонлар рақобат тўғрисидаги қонунчиликни қўллаш амалиёти бўйича ўзаро маълумот алмашиш, қўшма таҳлил ва ўрганишлар ўтказиш, шунингдек мутахассисларнинг стажировка ва малака ошириш дастурларини ташкил этиш орқали институционал ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олди.
Н.Раҳмонова, ЎзА