Турк дунёсининг буюк имкониятлари бор
Туркий дунё яқин йилларда қанчалик ўзгаради? Давлатларни ҳақиқатан бир-бирига яқинлаштирувчи куч нимада? Айни жараёнда Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг ўрни қандай?
Озарбайжон Республикаси «Xalq Cəbhəsi» газетаси муҳаррири ва Аvrasiya.net сайти бош муҳаррири Жавид ШАҲВЕРДИЕВнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталари бош муҳаррири Ҳусан ЭРМАТОВ билан суҳбатида шу ва бошқа муҳим, долзарб мавзулар таҳлил этилган.
– Ҳусан Тоҳирович, сўнгги йилларда Туркий давлатлар ташкилоти босиб ўтган йўлни қандай баҳолайсиз?
– Албатта, ижобий. Амлида, биз ҳали узоқ тарихий йўлнинг бошида турибмиз. Туркий давлатлар яқинлашув, бирлик ва ҳамоҳанг ҳаракатни жиддий муҳокама қила бошлаганининг ўзи катта гап. Яқин-яқингача бугун давлатларимиз раҳбарлари даражасида илгари сурилаётган кўплаб ғоялар зиёли, тарихчи ва маданият намояндаларининг орзуси эди, холос. Энди бундай ташаббуслар амалий сиёсатга кириб келяпти.
Менимча, бирлик ҳамиша амалий ишлар билан синалади. Мукаммал ҳужжатлар имзолаш, тарихий декларациялар қабул қилиш, таъсирли нутқлар сўзлаш мумкин. Ҳужжатларнинг асл қадр-қиммати эса келишувлар одамлар ҳаётида акс эта бошлаганда билинади. Мен ушбу муносабатлардаги самимиятни алоҳида урғулаган бўлардим. Дарҳақиқат, туркий халқларни жуда чуқур тарихий яқинлик боғлаб туради. Бинобарин, қардошлик ришталарини боғлаш учун хотиранинг ўзи кифоя эмас. Жараёндан ҳаммамиз ғоятда мамнунмиз. Энди давлатларимиз раҳбарлари белгилаб бераётган мақсадларни жамият ҳам англаши, қўллаб-қувватлаши керак. Ҳамкорлик, бирдамлик алоқалари юқоридан қабул қилинган қарорлар билангина мустаҳкамланиб қолмайди. Натижани одамлар кундалик ҳаётида ҳис қилиши лозим.
Шу боис кейинги босқичда келишувларни тезроқ амалий ишларга айлантириш муҳим аҳамият касб этади. Қўшма лойиҳалар ва халқларимиз ўртасидаги бевосита алоқалар мустаҳкамланиб, ўқиш, ишлаш, саёҳат қилиш ҳамда биргаликда янги ташаббуслар амалга ошириш имконияти кенгайган сари бу йўл мутлақо табиий жараёнга айланади.
– Туркий давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлашга қайси қўшма лойиҳалар кўпроқ хизмат қилиши мумкин?
– Давлатлараро муносабатларда прагматизм ва ўзаро манфаат жуда муҳим. Бу табиий ҳол. Ҳар бир давлат ўз иқтисодий барқарорлиги, хавфсизлиги ва фуқаролари фаровонлиги учун интилади. Бироқ туркий дунёни боғлаб турувчи умумий тарихий илдизлар ва яқин халқларнинг муштарак манфаатларидек жуда мустаҳкам таянч бор. Назаримда, ҳамкорликни ривожлантиришда бу жиҳат ҳам ҳамиша эътиборда туриши керак. Ҳозирги кунда туркий давлатларнинг иқтисодий имкониятлари ҳар хил. Бу – ҳаёт ҳақиқати. Шу боис ҳамкорлик механизмлари бир давлатнинг тараққиёти бошқалар учун ҳам янги имкониятлар очиб берадиган шаклда йўлга қўйилса, нур устига нур бўларди.
Дейлик, иқтисодий салоҳияти юқорироқ давлатлар инфратузилма, таълим, замонавий ишлаб чиқариш, технология ва мутахассис тайёрлашга сармоя киритиш орқали ҳамкорлари имкониятини кенгайтиришга ҳисса қўшиши мумкин. Пировардида бундан барчамиз ютамиз. Чунки кучли ва барқарор қўшни ҳар қандай давлат учун заиф қўшнидан қимматлироқ.
Кимгадир бундай ёндашув миллий манфаат ҳақидаги анъанавий тасаввур доирасидан чиқиб кетгандек туюлиши мумкин. Бироқ туркий халқлар тарихи осон кечмаган. Узоқ даврлар давомида тақдиримиз ташқи йирик куч марказларига боғлиқ эди. Бизни чегаралар, сиёсий тизимлар ва алифболар ажратиб ташлади, баъзан бир-биримиз ҳақимиздаги тасаввурлар ҳам узоқлашди. Шунинг учун бугун бир-биримизни қўллаб-қувватлашимиз алоҳида аҳамиятга эга.
– Туркий давлатлар ташкилотининг халқаро нуфузини ошириш учун нималар қилиш керак, деб ўйлайсиз?
– Менимча, ташкилотнинг халқаро мақомини бош мақсадга айлантириш тўғри ёндашув эмас. Ваҳоланки, нуфуз амалий натижалар билан белгиланади.
Агар Туркий давлатлар ташкилоти ёшларга сифатли таълим олиш имконини берса, олимларни биргаликда ишлашга ундаса, тадбиркорларга янги бозорлар эшигини очса, давлатлар ўртасида транспорт йўлаклари ва иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилса, унинг халқаро обрў-эътибори ўз-ўзидан ортиб бораверади. Биласиз, дунё, энг аввало, бунёдкорлик салоҳиятига эга бўлганларни қадрлайди.
Тарихга назар ташласангиз, инсон капитали, билим, илмий изланиш ва етук тафаккурни бир мақсад атрофида бирлаштира олган жамиятлар ҳамиша олдинда бўлганини кўрасиз. Ҳозир ҳам ҳар қандай давлатнинг куч-қудрати асосан жамиятнинг билим даражаси ва янги билим ҳамда ғоялар яратиш қобилияти билан белгиланади. Фикрлайдиган, ўрганадиган, баҳслаша оладиган, изланадиган ва хатолардан хулоса чиқарадиган жамият энг мураккаб вазиятларда ҳам оқилона ечим топа олади.
Шу боис Туркий давлатлар ташкилотининг келажагини, энг аввало, инсон капитали, илм-фан, таълим ва жамиятларимиз ўртасидаги ҳамкорлик сифати билан боғлаган бўлардим. Бу йўл навбатдаги тузилма тузиш ёки ҳужжат қабул қилишдан кўра узоқроқ вақт, сабр ва изчилликни талаб қилади, албатта. Бироқ стратегик нуқтаи назардан бу – энг ишончли йўл.
– Озарбайжон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон қўшма инвестиция механизмлари ва жамғармаларини ташкил этяпти. Улар қанчалик самара бериши мумкин?
– Ҳаммаси бу механизмлар қандай лойиҳаларни қўллаб-қувватлашига боғлиқ. Улар алоҳида гуруҳ ёки компанияларга хизмат қилибгина қолмай, давлатлар ва бутун минтақа тараққиётига ҳисса қўшса, самараси ҳам юқори бўлади.
Бундан ўн йил аввал Марказий Осиёда бутунлай бошқача муҳит ҳукмрон эди. Ҳар бир давлат ўзини бошқаларидан устун қўяр, ечилмаган муаммолар, ўзаро ишончсизлик ва рақобат сезилиб турар эди. Нисбатан қисқа тарихий давр ичида кўп нарса ўзгарди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси Марказий Осиёдаги муҳитга жуда катта таъсир кўрсатди. Минтақа давлатлари умумий ечимларни фаолроқ излай бошлади, кўплаб масалаларга муштарак кун тартиби нуқтаи назаридан қараш шаклланди. Сув, транспорт, иқтисодиёт ёки хавфсизлик каби минтақадаги кўплаб муаммолар барчамиз учун умумий эканини ва уларни биргаликда ҳал қилиш заруратини тобора теранроқ англаяпмиз.
Бугун минтақа бир ёқадан бош чиқариб, етакчи давлатлар, халқаро ташкилотлар ва сиёсий тузилмалар билан мулоқот қиляпти. Марказий Осиёнинг ўз овози шаклланяпти. Бу – жуда катта ютуқ.
Қўшма инвестиция жамғармалари умумий тараққиёт ва ўзаро кўмакнинг самарали воситасига айланиши мумкин. Асосийси, уларнинг натижаси ҳаётда акс этсин. Янги корхоналар ва йўллар барпо этилсин, иш ўринлари пайдо бўлсин, таълим ва ривожланиш имкониятлари кенгайсин. Одамлар натижани кўриб, ўз ҳаётида ҳис қилса, бундай механизмлар ҳақиқатан ишлаётган бўлади.
– Яқинда Бокуда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг бешинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Бугунги беқарор дунёда туркий давлатлар умумий хавфсизликни қандай таъминлаши керак, деб ўйлайсиз?
– Бу масалада бошқа минтақалар тажрибасига назар ташлаш фойдали бўлса керак. Европа давлатлари ўз вақтида хавфсизликни биргаликда таъминлаш самаралироқ эканини англаб етди. Уларнинг кўпчилиги етарлича катта иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳиятга эга бўлса-да, умумий механизмлар йўлини танлади.
Замонавий дунё тобора башорат қилиб бўлмайдиган тус олмоқда. Маҳаллий низо қисқа вақт ичида халқаро инқирозга айланиши мумкинлигини, ҳарбий, иқтисодий, энергетик, ахборот ва технологик хавфсизлик чамбарчас боғланиб кетганини кўриб турибмиз.
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Ўзбекистонга ҳар доим самимий ва дўстона муносабатда бўлиб келган. Менимча, халқларимиз ўртасидаги ҳақиқий яқинлик қийин дамларда бир-бирини қўллаб-қувватлашга тайёр туришда кўринади. Тарих бизга дўстликнинг қадри оғир кунларда билинади, деган оддий ва теран ҳақиқатни бот-бот эслатиб туради.
Сўнгги йиллардаги можаролар халқаро муносабатлар жуда тез ўзгариши мумкинлигини яна бир бор кўрсатиб қўйди. Таҳликали вазиятда ташқи кафолатлар ҳар доим ҳам етарли бўлавермайди. Шунинг учун давлатлар маслаҳатлашув, ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва ўзаро кўмак механизмларини олдиндан шакллантириши зарур.
Тўлақонли умумий хавфсизлик тизимини барпо этиш узоқ ва мураккаб жараён. Бу масалада шошқалоқликка, ҳиссиётга берилишга ёки ўткинчи сиёсий вазият таъсирида қарор қабул қилишга йўл қўйиб бўлмайди. Бироқ, менимча, яқин келажакда туркий давлатларнинг хавфсизлик соҳасида кўпроқ муштарак ечим излашига тўғри келади. Дунёнинг бугунги ҳолати бизни шу масала устида жиддий ўйлашга ундаяпти.
– Сизнингча, вақт ўтиши билан Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ҳарбий иттифоқ пайдо бўлиши мумкинми?
– Жамоавий мудофаа ва ўзаро ҳимоя механизмлари ҳақида сўз юритганда, хавфсизлик соҳасида яқин ҳамкорликка эҳтиёж борлигини тан олиш керак. Аммо бундай тизимлар бир кунда шаклланиб қолмайди.
Аввало, мақсадлар ҳақида умумий тушунчани шакллантириш керак. Давлатлар қандай таҳдидлардан ҳимояланишни кўзлаётганини, умумий масъулият доираси қаергача боришини ва ҳар бир иштирокчи қандай мажбуриятларни ўз зиммасига олишга тайёрлигини аниқ белгилаб олиши зарур.
Ишни маслаҳатлашув механизмларини такомиллаштириш, таҳдидларни биргаликда таҳлил қилиш, ахборот алмашиш ва тегишли тузилмалар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришдан бошлаш мумкин. Механизм шаклининг аҳамияти йўқ. Уни давлатларнинг ўзи миллий манфаатлар ва умумий вазиятдан келиб чиқиб белгилайди.
Механизмнинг номи иккинчи даражали. Асосий масала – қийин вазиятда давлатларнинг ҳамжиҳат ҳаракат қилиши ва бир-бирини қўллаб-қувватлашга тайёрлиги. Муносабатларнинг мустаҳкамлиги ҳам ана шундай дамларда синовдан ўтади.
– Умумий алифбо ва тил жиҳатидан яқинлашиш масаласи кўп йиллардан бери муҳокама қилинади. Нега ҳозиргача сезиларли натижаларга эришилмади?
– Чунки тил жуда нозик масала. Унга маъмурий усуллар билангина ёндашиб бўлмайди. Туркий тиллар узоқ давр мобайнида турли тарихий, маданий ва сиёсий шароитларда ривожланди. Луғат таркиби, талаффуз ва ёзув ўзгарди, ҳар бир тилнинг ўзига хос адабий анъаналари шаклланди. Буларнинг барчасини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилиш зарур. Шу боис умумий график асосни яратишга шошилмасдан, пухта ёндашиш керак.
Умумий алифбо ҳар бир тилнинг хусусиятларини сақлаши, айни пайтда туркий халқларга бир-бирининг матнларини осонроқ ўқиш ва тушуниш имконини бериши лозим. Бунинг учун жиддий илмий тадқиқотлар, кучли тилшунослар, тил тарихи ва ёзув бўйича мутахассислар иштироки зарур. Бундай қарорлар табиий равишда пишиб етилиши керак.
Умумий алифбо ғояси, шубҳасиз, муҳим аҳамиятга эга. У халқларимиз ўртасидаги мулоқотни анча енгиллаштиради, адабиёт, маданият, илмий ва ижтимоий матнларни яқинлаштиради. Бироқ алифбонинг ўзи камлик қилади. Сифатли таржималар, қўшма медиа лойиҳалар, ноширлик дастурлари, таълим алмашинувлари, фильмлар ва илмий нашрлар ҳам зарур.
Бир-биримизнинг асарларимизни қанча кўп ўқисак, маданиятимиз, мусиқамиз ва мамлакатларимиздаги бугунги ҳаёт билан қанча яқиндан танишсак, халқларимиз ўртасидаги яқинлашув ҳам шунча табиий кечади.
– Бугун икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни қандай баҳолайсиз? Ҳали қандай имкониятлардан ҳали етарлича фойдаланаётганимиз йўқ?
– Сўнгги олти йилда Озарбайжонда қарийб ўн марта бўлдим, турли тадбирларда қатнашдим, одамлар билан мулоқот қилдим. Ҳар сафар Ўзбекистонга бўлган самимий муносабат мени жуда таъсирлантирди.
Расмий тадбирлардан ташқари, оддий инсоний муносабатлар ҳам кўп нарсани англатади. Суҳбатдошингнинг оҳанги, илиқ хотираси, сенинг юртинг ҳақида меҳр билан гапириши одамни тўлқинлантириб юборади. Озарбайжонда ҳар доим ўзбек халқига ва муҳтарам Президентимизга жуда илиқ муносабатни туяман. Озарбайжонликлар оғир кунларда Ўзбекистон ёнма-ён турганини яхши эслашади.
Бу яқинликнинг алоҳида рамзи – Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Фузулий шаҳрида барпо этилиб, Озарбайжон халқига туҳфа этилган Мирзо Улуғбек номидаги мактаб. Менимча, бу жуда аниқ ва инсоний мазмунга эга қадам. Мактабда келажак яшайди – болалар камол топади, янги авлод улғаяди. Бундай самимий ташаббуслар одамлар хотирасидан ҳеч қачон ўчиб кетмайди.
Чинакам қардошлик шундай амалларда кўринади. Умумий тарих ва маданият боғлаб турган халқларимизнинг бугун янада яқинлашаётгани, бир-бирини қайтадан кашф этаётгани айниқса қувонарли.
Икки мамлакат муносабатларининг салоҳияти жуда катта. Савдо, инвестиция, саноат, логистика, таълим, илм-фан ва маданият соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш учун кенг имкониятлар бор. Ўзбекистон учун Озарбайжоннинг тинчлиги, барқарорлиги ва фаровонлиги муҳим. Сафарларим давомида Озарбайжонда ҳам Ўзбекистонга худди шундай илиқ ва самимий муносабатга кўп бор гувоҳ бўлдим.
Икки халқ ўртасидаги ана шу ўзаро ишончни муносабатларимизнинг асосий қадриятларидан бири деб биламан. У йиллар давомида шаклланади ва давлатларимиз ҳамда халқларимизни янада яқинлаштирадиган мустаҳкам замин яратади.
– Озарбайжон Шарқ ва Ғарбни боғловчи муҳим транспорт марказига айланиб бормоқда. У Ўзбекистоннинг Европа бозорларига чиқишида қандай ўрин тутиши мумкин?
– Озарбайжон – ҳозир ҳам Ўзбекистонни Европа билан боғлайдиган транспорт йўналишининг муҳим бўғини. Мамлакатимиз учун ишончли транспорт йўлаклари алоҳида аҳамиятга эга. Ўзбекистон – уммонга чиқиш учун камида икки давлат ҳудудидан ўтиши зарур бўлган дунёдаги икки мамлакатдан бири. Шу боис ишончли ҳамкорлар ва барқарор йўналишлар биз учун катта аҳамиятга эга.
Бугун Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи мамлакатлари билан савдо-иқтисодий алоқалари кенгайиб боряпти. Шу билан бирга, Каспий денгизи орқали ўтадиган йўналишларнинг аҳамияти ҳам ортиб боряпти. Бу борада Озарбайжоннинг транспорт ва логистика имкониятлари Ўзбекистон учун муҳим ўрин тутади.
Озарбайжон раҳбариятининг ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр экани ҳам таҳсинга лойиқ. Бундай очиқлик учун Президент Илҳом Алиевга ва Озарбайжон халқига самимий миннатдорлик билдиришни истардим.
Транспорт йўлаклари аҳамияти юк ташиш имкониятидан анча кенг. Улар янги бозорларга йўл очади, бизнес, логистика ва ишлаб чиқариш алоқаларини ривожлантиради. Шунинг учун Озарбайжон билан ҳамкорлик Ўзбекистон учун алоҳида стратегик аҳамият касб этмоқда. Озарбайжон – муҳим транзит ҳамкор, денгиз коммуникацияларига ва улар орқали Европа бозорларига чиқиш учун ишончли йўналиш. Давлатларимиз ўртасидаги юксак ишонч бу имкониятларни икки мамлакат тараққиёти йўлида тўлиқ ишга солиш учун мустаҳкам пойдевор яратади.
– Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар қайси соҳаларда ҳамкорликни айниқса жадал ривожлантириши зарур, деб ўйлайсиз?
– Энг муҳим йўналиш сифатида, аввало, таълим, илм-фан ва маърифатни тилга олган бўлардим. Жамият ва давлатнинг келажаги кўп жиҳатдан шу соҳаларга боғлиқ.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон олдига улкан мақсад – Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш вазифасини қўйди. Аждодларимиз бу заминда илм-фан, маданият ва тафаккурнинг буюк марказларини яратган. Ал-Хоразмий, Фаробий, Беруний, Ибн Сино ва Улуғбек номларини тилга олар эканмиз, уларни камолга етказган кучли интеллектуал муҳитни ҳам унутмаслигимиз керак. Бу муҳитни мактаблар, кутубхоналар, илмий марказлар, баҳс-мунозаралар, изланиш ва билимга юксак ҳурмат шакллантирган.
Ислом цивилизацияси марказининг барпо этилишида ана шу нуқтаи назардан чуқур рамзий маъно яширин. Ишончим комилки, ҳурматли Президентимиз бундай йирик лойиҳани амалга ошириш ҳақидаги қарорга унинг мамлакатимиз ва келажак авлодлар учун аҳамиятини чуқур англаб, ҳар томонлама таҳлил қилган ҳолда келган.
Яна бир муҳим жиҳат бор. Ислом цивилизацияси маркази бутун дунёдан сайёҳлар келадиган маърифий маскан бўлиш билан бирга, жаҳоннинг юздан зиёд етакчи илмий-тадқиқот ва таҳлил маркази билан турли йўналишларда ҳамкорлик қиладиган йирик илмий ва интеллектуал майдонга айланмоқда. Бу ерда тарихий мерос илм-фан, таълим ва халқаро интеллектуал мулоқот орқали давом этадиган замонавий муҳит шаклланяпти.
Шу боис давлатимиз раҳбари илгари сураётган Учинчи Ренессанс ғояси фақат Ўзбекистонгагина тегишли деб ўйламайман. У бутун туркий дунёнинг катта умумий ютуғига, халқларимиз бирлиги, маънавий яқинлиги ва муштарак бунёдкорлик меҳнатининг самарасига айланиши мумкин.
Бугун аждодларимиз қолдирган буюк меросни ёдга олишимиз ва уни янги босқичда давом эттиришимиз зарур. Бунинг учун туркий давлатлар илмий ва таълимий салоҳиятини янада яқинлаштириши керак. Қўшма дастурларни ривожлантириш, талаба ва ўқитувчилар алмашинувини кенгайтириш, университетлар ҳамда илмий марказлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, ёш олимларни қўллаб-қувватлаш, энг яхши асарларни таржима қилиш, касбий мулоқот ва қўшма тадқиқотлар учун янги майдонлар яратиш келажакда, албатта, ўз самарасини беради.
Замонавий жаҳон илм-фани ютуқларини яхши ўзлаштирсак, янги технологияларга очиқ бўлсак, шу билан бирга, ўз маданиятимиз ва анъаналаримизга содиқ қолсак – марра бизники!
Ренессанс жамиятнинг янгиланиши, тафаккурнинг уйғонишидир. У таълим ва истеъдод қадрланган, илмий изланиш ва бунёдкор меҳнат рағбатлантирилган муҳитда бошланади. Ёш авлод истиқболни кўрса, билими ва қобилияти билан Ватанига наф келтира олишини ҳис қилса, тараққиёт учун энг муҳим пойдевор – шу.
Менимча, бугун туркий дунё олдида айнан шу йўналишда катта имкониятлар эшиги очилмоқда. Халқларимизнинг бой мероси, кучли интеллектуал салоҳияти ва муштарак интилишлари бор. Энди шу салоҳиятни келажакка йўналтириш керак.
XXI аср туркий дунёни янги ғоялар, илмий кашфиётлар, кучли шахслар ва яратувчанлик салоҳияти орқали танисин. Халқларимизни янада яқинлаштирадиган энг мустаҳкам асослардан бирини ҳам айнан шунда кўраман.
ЎзА