Туризм объектларида хизмат кўрсатиш сифати оширилади
Ўзбекистонда туризм иқтисодиётнинг энг муҳим тармоқларидан бири саналади. Соҳани янада такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган “Ҳудудларда туризм инфратузилмасини жадал ривожлантириш ва соҳада лойиҳа бошқаруви тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори ҳудудларда туризм инфратузилмасини ривожлантириш, соҳани замонавий лойиҳа бошқаруви асосида ташкил этиш ҳамда ички ва ташқи туризм оқимини кескин оширишга қаратилган муҳим ҳужжат ҳисобланади. Қарор нафақат туризм салоҳиятини кенгайтириш, балки янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятли.
Қарорга кўра, 2026–2027 йилларда туризмни ривожлантириш бўйича аниқ ва мақсадли кўрсаткичлар белгилаб берилди. Хусусан, туризм ва унга ёндош соҳаларда жами 40 мингта иш ўрни яратиш режалаштирилгани соҳанинг бандликни таъминлашдаги ролини янада кучайтиради.
Яна бир муҳим жиҳат, туризмни лойиҳавий бошқарув тизимига ўтказишдир. 31 та янги туризм объектини ташкил этиш ҳамда 34 та объект учун мастер-режалар ишлаб чиқилиши ҳудудий туризм кластерларини шакллантиришга хизмат қилади.
Инфратузилмани кенгайтириш масаласи ҳам алоҳида эътиборда. Жойлаштириш воситалари сонини 8 минг 250 тага, меҳмонхоналар сонини эса 1 минг 380 тага етказиш режалари туризм имкониятларини сезиларли даражада оширади.
Молиялаштириш механизмларининг такомиллаштирилгани ҳам қарорнинг муҳим жиҳатларидан биридир. 2026 йилда қўшимча 450 миллиард сўм маблағ ажратилиши туризм салоҳияти юқори ҳудудларда инфратузилмани яхшилашга хизмат қилади. Шу билан бирга, хорижий ва маҳаллий туроператорларни қўллаб-қувватлаш чораларининг жорий этилиши тарғибот ишларида янги босқич бўлиб хизмат қилади.
Хусусан, хорижий туроператорлар харажатларининг қисман қопланиши ва маҳаллий операторлар учун тарғибот харажатларининг 25 фоизигача компенсация қилиниши Ўзбекистоннинг халқаро туризм бозорида фаолроқ иштирок этишига замин яратади. Бундан ташқари, тадбиркорлар томонидан маданий ва кўнгилочар тадбирларни йўлга қўйиш харажатларини қўллаб-қувватлаш туризмни йил давомида барқарор ривожлантириш имконини беради.
Қабул қилинган қарор Ўзбекистонда туризмни тизимли ривожлантириш йўлида муҳим қадам бўлди. Унда инфратузилмани кенгайтириш, бошқарувни модернизация қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва халқаро ҳамкорликни кучайтириш каби йўналишлар ўзаро уйғун ҳолда акс этган. Энг муҳими, мазкур чора-тадбирлар янги иш ўринлари яратиш, ҳудудлар ривожини жадаллаштириш ва мамлакатнинг халқаро майдондаги жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА