Тупроқ ўзанли каналлар бетонлаштирилмоқда
Сайхунобод туманида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва сувни тежаш мақсадида У-12-2а тупроқ ўзанли суғориш тармоғини бетонлаштириш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Бу эса сув йўқотишларни кескин камайтириш ҳамда суғориш самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур тармоқнинг сув ўтказиш қобилияти сониясига 500 литрни ташкил этади. У орқали 9 та фермер хўжалигининг қарийб 500 гектар экин майдонлари, шунингдек, 131 та аҳоли хонадонларига тегишли 38 гектар томорқа ерлари суғорилади. Шу боис каналнинг техник ҳолатини яхшилаш ҳудуд қишлоқ хўжалиги учун долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.
– Маълумки, тупроқ ўзанли каналларда сувнинг катта қисми инфильтрация, яъни ер остига сизиб кетиш орқали йўқотилади, – дейди Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жасур Мухторов. – Айни пайтда У-12-2а тармоғида фойдали иш коэффициенти 65 фоизни ташкил этмоқда, яъни сувнинг қарийб 35 фоизи йўқотилмоқда. Бу ҳолат сув танқислиги шароитида мавжуд ресурслардан тўлиқ фойдаланиш имкониятини чеклайди.
Каналларни бетонлаштириш орқали мазкур муаммолар босқичма-босқич бартараф этилмоқда. Илмий таҳлиллар кўрсатишича, бетон қопламали каналларда сув йўқотиш даражаси 5–10 фоизгача камаяди. Натижада тармоқнинг фойдали иш коэффициенти 90 фоизгача ошади ва сувдан фойдаланиш самарадорлиги сезиларли даражада яхшиланади.
Шу билан бирга, бетонлаштириш гидравлик қаршиликни камайтиради, сув оқимининг барқарорлигини таъминлайди ҳамда белгиланган ҳажмдаги сувни тез ва узлуксиз етказиб бериш имконини яратади. Бундан ташқари, чўкинди ва ўт-ўланлар камайиши ҳисобидан фойдаланиш харажатлари қисқаради, иншоотнинг хизмат муддати эса узаяди.
Мутахассислар таъкидлашича, бундай янгиланишлар натижасида суғориш тизими такомиллашиб, экинлар ҳосилдорлигини ўртача 10–15 фоизга ошириш имкони пайдо бўлади. Шунингдек, сувнинг ортиқча ер остига сизиб кетиши камайиши ерларнинг шўрланиши ва ботқоқланишининг олдини олишда ҳам муҳим омил ҳисобланади.
– Энг муҳими, бу борадаги ишлар нафақат Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида, балки вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам изчил амалга оширилмоқда. Натижада сув сарфи қисқариб, ортиқча харажатлар тежалишига эришилмоқда, – дейди Жасур Мухторов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири