TUM билан ҳамкорлик: PTUда янги таълим дастурлари жорий этилади
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Германиянинг нуфузли олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларидан бири - Мюнхен техника университети (Technical University of Munich - TUM) вакиллари билан учрашди.
Мулоқот давомида фармацевтика ва тиббиёт соҳаларида таълим, илмий-тадқиқот ва инновациялар йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув доирасида Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Фармацевтика техник университети (PTU) ҳамда Мюнхен техника университети (TUM) ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Ҳужжатга мувофиқ, PTUда TUM тажрибаси асосида «Bioinformatics» ва «Biomedical Engineering» таълим дастурларини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Янги таълим дастурларининг йўлга қўйилиши замонавий фармацевтика ва тиббиёт соҳалари учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, таълим жараёнига илғор халқаро тажрибани татбиқ этиш ва PTUнинг илмий-тадқиқот салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.

Маълумот учун: Мюнхен техника университети (TUM) халқаро миқёсда тан олинган етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларидан бири ҳисобланади. QS World University Rankings 2027 рейтингида TUM дунё университетлари орасида 25-ўринни, Европа Иттифоқи ва Германияда эса 1-ўринни эгаллаган.
Учрашув якунида таълим ва илмий-тадқиқот соҳаларида ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда замонавий мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлашни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА