Трамп ва Си Цзиньпин Пекинда музокара ўтказди
АҚШ Президенти Дональд Трамп Хитойга расмий ташриф билан борди. Пекинда уни Хитой раиси Си Цзиньпин тантанали маросим билан кутиб олди.
Халқ йиғинлари саройида бўлиб ўтган учрашувда томонлар икки давлат муносабати, халқаро хавфсизлик, савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳамда Яқин Шарқдаги вазиятни муҳокама қилдилар.
Америка етакчиси музокара аввалида АҚШ ва Хитой муносабати янада яхшиланиши мумкинлигини таъкидлади. Си Цзиньпин эса ҳозирги халқаро вазиятда икки давлат рақобатчи эмас, ҳамкор сифатида ҳаракат қилиши муҳимлигини билдирди.
Эрон атрофидаги вазият ҳам асосий мавзулардан бири бўлди. АҚШ давлат котиби Марко Рубио Вашингтон Ҳурмуз бўғозидаги кескинликни юмшатишда Хитойнинг таъсири сезиларли эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, халқаро нефть ташувининг салмоқли қисми амалга ошириладиган бу йўлакдаги вазият Хитой иқтисодиётига ҳам таъсир қилмоқда. Шунингдек, томонлар Тайвань масаласи ва икки давлат ўртасидаги савдо муносабатини ҳам таҳлил қилдилар.
Дарвоқе, Қўшма Штатлар делегацияси таркибида молия вазири Скотт Бессент, мудофаа вазири Пит Хегсет, йирик бизнес вакиллари Тим Кук ва Илон Маск ҳам бор.
Д.Ҳакимов, ЎзА