Тожикистон Парламенти делегацияси Бухоронинг тарихий обидалари билан танишди
Тожикистон Республикаси Мажлиси Оли Мажлиси Миллий Мажлиси Раиси Рустами Эмомали бошчилигидаги делегация Бухоро вилоятига ташриф буюрди.
Бухоро халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов ҳамда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов кутиб олди.
Ташриф доирасида делегация аъзолари қадимий Бухоронинг бой тарихи, бетакрор меъморчилик анъаналари ва бой маданий мероси билан яқиндан танишди.
Дастлаб меҳмонлар Марказий Осиё меъморчилигининг ноёб дурдоналаридан бири бўлган Исмоил Сомоний мақбараси ҳамда кўп асрлар давомида давлат бошқаруви ва ҳукмдорлар қароргоҳи вазифасини бажарган Арк қалъасида бўлди.
Ушбу тарихий обидалар Бухоронинг нафақат ўтмиши, балки минтақа цивилизацияси тараққиётида тутган муҳим ўрнини ҳам намоён этади. Айниқса, IX-X асрларга оид меъморий санъат анъаналарини ўзида мужассам этган Исмоил Сомоний мақбараси ва асрлар давомида шаҳар ҳаётининг сиёсий-маъмурий маркази бўлиб келган Арк қалъаси меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Шундан сўнг делегация аъзолари Бухоронинг энг машҳур тарихий-меъморий мажмуаларидан бири – Пойи Калон ансамблига ташриф буюрди. Калон минораси, Калон масжиди ва Мир Араб мадрасасининг ўзига хос меъморий ечими, муҳташамлиги ҳамда тарихий аҳамияти меҳмонларни қизиқтирди.
Меҳмонлар, шунингдек, қадимий шаҳарнинг бетакрор гўшаларидан бири – Лаби Ҳовуз ансамблида бўлди. Бу ерда уларга Нодир Девонбеги мадрасаси ва хонақоҳининг меъморий хусусиятлари, мажмуанинг шаклланиш тарихи ҳақида маълумот берилди.
[gallery-32362]
Лаби Ҳовузнинг асрлар оша сақланиб келаётган шарқона муҳити, тарихий обидалар ва бугунги шаҳар ҳаёти уйғунлиги делегация аъзоларида илиқ таассурот уйғотди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлашда парламентлараро мулоқот ҳам муҳим аҳамият касб этади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик янги босқичга кўтарилиб, сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ва ҳудудлараро алоқалар изчил ривожланмоқда.
Бундай ташрифлар эса халқларимизнинг муштарак тарихий илдизлари, яқин маданий қадриятлари ва дўстлик анъаналарини янада мустаҳкамлаш, ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни юксалтиришга хизмат қилади. Зеро, Бухоро каби асрлар давомида илм-фан, маърифат ва маданият маркази бўлиб келган шаҳарлар икки халқни боғлаб турувчи умумий тарихий-маънавий кўприкдир.
Шу билан Тожикистон Республикаси Мажлиси Оли Мажлиси Миллий Мажлиси Раиси Рустами Эмомали бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи якунланди. Меҳмонлар Бухоро халқаро аэропортидан Душанбе шаҳрига жўнаб кетди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари