Тоза ҳаво — соғлом ҳаёт гарови
Бугун ҳаво сифати нафақат экологик, балки аҳоли саломатлиги, шаҳарлар инфратузилмаси, иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш билан бевосита боғлиқ муҳим масалага айланди.
Шу боис, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш ва унинг сифатини яхшилаш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланмоқда.
Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети — “Green University”да ташкил этилган давра суҳбатида ҳам айнан шу масалалар муҳокама қилинди.
Тадбирда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси маслаҳатчиси Алишер Саломов, Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Кенжи Ҳирата, БМТнинг Атроф-муҳит дастури (UNEP) Европа минтақавий бюроси вакили Хоссейн Фадаи, БМТ Тараққиёт дастурининг доимий вакили ўринбосари Анас Карман, “Zamin” халқаро жамоат фонди директори Азиз Ғаниев, шунингдек, маҳаллий ва хорижлик мутахассислар иштирок этди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласи соғлиқни сақлаш, саноат, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва иқлим сиёсати билан узвий боғлиқ ҳолда олиб борилмоқда. Бунда 2026–2030 йилларга мўлжалланган “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳаси муҳим аҳамият касб этади. Мазкур лойиҳа мамлакатнинг миллий мақсади — 2030 йилга қадар атмосфера ҳавосига чиқариладиган ифлослантирувчи моддалар миқдорини 10,5 фоизга камайтиришга хизмат қилади.
Ҳаво ифлосланишини камайтириш учун, аввало, унинг ҳолатини аниқ ва мунтазам кузатиб бориш зарур. Шу мақсадда Ўзбекистонда ҳаво сифатини мониторинг қилиш тизими босқичма-босқич кенгайтирилмоқда. “Zamin” фонди кўмагида 28 та HORIBA мониторинг станцияси ташкил этилган. Эндиликда бу тизимни янада кенгайтириш режалаштирилмоқда. Республика ҳудудларида 347 та кичик автоматлаштирилган ҳаво сифати мониторинг станциясини ташкил этиш, шунингдек, яна 2 та HORIBA станциясини харид қилиш ва босқичма-босқич ишга тушириш кўзда тутилган. Ушбу станциялар орқали олинадиган маълумотлар Қўмитанинг ягона ахборот тизимига интеграция қилинади. Бу эса нафақат ҳаво сифатини кузатиш ҳудудини кенгайтиради, балки ифлосланиш даражасини аниқроқ баҳолаш ва далилларга асосланган қарорлар қабул қилиш имконини беради.
“Zamin” халқаро жамоат фонди директори Азиз Ғаниев таъкидлаганидек, “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳасининг мазмун-моҳияти фақат мониторинг станцияларини ўрнатиш билан чекланмайди.
2020 йилда ҳаво сифатини мониторинг қилиш тизимини кучайтириш мақсадида бошланган ташаббус бугунга келиб давлат ташкилотлари, экспертлар, олимлар ва халқаро ҳамкорлар учун ишончли ҳаво сифати маълумотларидан очиқ ва амалий фойдаланиш имконини берувчи кенг қамровли миллий тизимга айланиб бормоқда. Яъни, бу ерда асосий мақсад фақат “ҳаво қандай?” деган саволга жавоб топиш эмас. Муҳими — “ҳаво нега ифлосланмоқда ва уни яхшилаш учун нима қилиш керак?” деган саволларга аниқ ечим топиш.
Чанг бўронлари ва ҳаво оқимлари бир давлат ҳудуди билан чекланиб қолмайди. Шу сабабли ҳаво сифатини яхшилашда халқаро ва минтақавий ҳамкорликнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Президенти томонидан Халқаро тоза ҳаво консорциумини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилгани муҳим қадам сифатида қайд этилди. Мазкур ташаббус Қозоғистон Президенти томонидан ҳам қўллаб-қувватланган.
Тадбирда Япония ҳукумати, БМТ Тараққиёт дастури, БМТ Атроф-муҳит дастури, Финляндия метеорология институти, “Zamin” фонди ва бошқа ҳамкорларнинг бу борадаги ҳиссаси юқори баҳоланди.
Ўзбекистонда 2030 йилгача ифлослантирувчи моддалар чиқиндисини 10,5 фоизга камайтириш мақсадининг белгиланиши ҳам шу ёндашувни ифодалайди.
Ҳаво сифатини мониторинг қилиш тармоғининг кенгайиши эса муаммони ўз вақтида аниқлаш, унинг манбаларини ўрганиш ва самарали чораларни белгилаш учун зарур ахборот базасини яратади. Энг муҳими, бу жараёнда давлат ташкилотлари билан бир қаторда олимлар, экспертлар, халқаро ташкилотлар ва жамоатчиликнинг ҳамкорлиги кучаймоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА